Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 23/02/2026

Россия ОАВлари Ўзбекистон президенти самолётини «Америка ҳарбий ҳаво кемаси» деб ўйлашди

2026 йил 20 февраль куни бир қатор Россия Telegram-каналлари ва уларнинг ортидан йирик оммавий ахборот воситалари Вашингтондан (АҚШ) учиб кетиб, Қозоғистон чегарасигача етиб келган «номаълум» Boeing 787 лайнери Россия ҳаво ҳудудида пайдо бўлгани ҳақида ёзишди.

«Газета.Ru» нашри ҳарбий экспертга таянган ҳолда, бу «Қозоғистонга юк етказиб бераётган бўлиши мумкин бўлган АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти» деган тахминни илгари сурди. Мақолага АҚШ ҲҲК самолётининг сурати илова қилинган.

Аслида бу лайнер «Тинчлик кенгаши»нинг биринчи саммитида иштирок этиб, АҚШдан қайтаётган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг самолёти эди.

Вашингтон яқинидаги «Эндрюс» авиабазасидан соат 14:12 да (Тошкент вақти билан 00:12) ҳавога кўтарилган самолёт Канада, Гренландия, Европа мамлакатлари, Россия, Қозоғистон устидан учиб ўтди ва соат 12:14 да Тошкентга етиб келди (парвозларни кузатиш сервисларининг очиқ маълумотлари).

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати давлат раҳбарининг АҚШдан Тошкент вақти билан соат 02:40 да жўнаб кетгани ҳақида хабар берди.

«Кун ғоят узун бўлди, аммо ҳозир ҳам, лайнер Тошкент сари йўналиш олган бир пайтда самолётда иш қизғин», — деб ёзди президент матбуот котиби Шерзод Асадов соат 02:30 да.

«12 соатлик парвоз давомида биринчи рақамли борт тўлақонли ҳаво штабига айланади, у ерда давлат раҳбари делегация аъзолари билан ташриф якунларини муҳокама қилишни давом эттиради, соҳа идоралари ва ҳудудлар раҳбарлари билан қатор телефон мулоқотлари ва видеоконференциялар ўтказади, яқин истиқболдаги режаларни кўриб чиқади», — дея таъкидлади.