
Россия Федерацияси Давлат Думаси 2025 йил 20 май куни Москва ва Москва вилоятида яшовчи хорижий фуқароларни ҳисобга олишнинг қўшимча механизмларини жорий этиш бўйича эксперимент тўғрисидаги қонунни қабул қилди, деб хабар беради «Коммерсантъ».
Эксперимент 2025 йил 1 сентябрдан бошланади ва 4 йил давом этади. У Москва ва Москва вилоятига кириб келаётган, Россия Федерациясида виза олиши талаб этилмайдиган барча чет элликларни қамраб олади. Истиснолар рўйхатига вояга етмаганлар, дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, Беларусь фуқаролари киради.
Мигрантлар махсус мобил иловада рўйхатдан ўтишлари, шахсий маълумотларни (шу жумладан, қурилманинг геолокациясини) қайта ишлашга розилик беришлари ва Ички ишлар вазирлигига ўз жойлашган жойи ҳақидаги маълумотларни юборишлари шарт бўлади.
Агар чет эл фуқароси охирги мониторингдан кейин 3 кун ичида ўз қурилмасининг геолокация маълумотларини узатмаса, у ҳисобдан чиқарилиши ва назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилиши мумкин, бу эса Россиядан чиқариб юбориш хавфини туғдиради, деб ёзади РБК.
Бундан ташқари, Москва ва Москва вилоятидаги мигрантлар дактилоскопия, биометрик фотосуратга тушиш ва ҳақиқий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишга мажбурланади.
Илова Сахарово миграция марказига мурожаат қилинганда ўрнатилади. «Коммерсантъ» қайд этишича, ҳужжатда чет эл фуқаросида мобил телефон бўлмаса ёки у иловани ўрнатишдан бош тортса, қандай оқибатлар келиб чиқиши аниқлаштирилмаган.
«Қабул қилинган механизм замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда миграция соҳасида назоратни кучайтиришга имкон беради, шунингдек, бу борадаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар сонини камайтиришга ёрдам беради. Агар эксперимент муваффақиятли бўлса, уни бошқа ҳудудларга ҳам ёйиш мумкин», — деди РФ Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин.
Россия 2025 йил 30 июндан бошлаб мамлакатга кириб келаётган чет эл фуқароларини мажбурий онлайн рўйхатдан ўтказишни ҳам жорий этмоқда. Улар «Госуслуги RuID» иловаси орқали QR-код олишлари шарт бўлади. Буни келишдан камида 3 кун олдин, фавқулодда ҳолатларда эса камида 4 соат олдин амалга ошириш керак.