Россия ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган хорижий фуқаролар 2025 йил 30 апрелгача ўз ҳуқуқий мақомларини тартибга солишлари ёки мамлакатни мустақил тарк этишлари шарт. Бу ҳақида Россия президенти Владимир Путиннинг фармонида айтилган.
Патент олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар:
- Паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат ва унинг нотариал тасдиқланган русча таржима нусхаси;
- Рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асосларини билишни тасдиқловчи ҳужжат;
- Ихтиёрий тиббий суғурта полиси ёки тўланадиган тиббий хизматлар бўйича шартнома;
- ОИВ инфекцияси йўқлиги ҳақидаги сертификат (1 йил давомида амал қилади);
- Наркотик воситаларни қўлланмаганлик ҳақидаги хулоса (1 йилгача амал қилади);
- Хавфли инфекцион касалликлар йўқлиги ҳақидаги тиббий хулоса (1 йил давомида амал қилади);
- Патент, ишлашга рухсатнома, вақтинча яшаш ёки таълим олиш учун рухсат, яшаш учун рухсатнома олишга қарши қонуний асосларнинг мавжуд эмаслиги.
Миграция қоидаларидаги ўзгаришлар
2024 йилда Владимир Путин миграция қоидаларини кучайтиришга қаратилган бир қатор қонунларни имзолади. Улардан бири мигрантларнинг ягона реестрини юритиш механизмларини назарда тутади. Ушбу чора ноқонуний равишда Россия ҳудудида бўлиб турган хорижий фуқароларга нисбатан қўлланилади.
Қонунга кўра, ушбу реестрга қуйидаги ҳолатларда маълумот киритилади:
- чегарадан ноқонуний ўтиш;
- виза ёки яшаш рухсатномасининг бекор қилиниши.
Реестрга киритилган шахслар Россияни тарк этишлари ёки мамлакатда қолиш учун ҳуқуқий асосларга эга бўлишлари шарт. Улар ўз мақомларини тартибга солмагунча маълум чекловларга дуч келадилар.
Қўшимча чекловлар
- 2024 йил август ойида Оила кодекси ва «Фуқаролик ҳолати тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, реестрда турган шахслар билан никоҳ тузиш тақиқланади. Бу норма 2025 йил февраль ойидан кучга киради.
- 2025 йил 5 февралдан Россияда миграция режими доирасида депортация қилиш тартиби жорий этилади. Эндиликда Россия ИИВ суд қарорисиз мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқига эга бўлади. Илгари бундай ваколат фақат суд ва чегара хизматида бўлган.