
Россия Федерациясига визасиз режим бўйича кирувчи хорижий фуқаролар учун «Давлат хизматлари RuID» иловаси орқали ариза тўлдириш ихтиёрий бўлади, дея хабар берди Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси. Аввалроқ 2025 йил 30 июндан бошлаб киришдан 3 сутка олдин рўйхатдан ўтиш мажбурий бўлиши ҳақида хабар берилган эди.
«Тўлдирилган аризанинг мавжуд эмаслиги чегара назорати ўтказилишига таъсир қилмайди ва киришдан бош тортиш учун асос бўлмайди», — дейилади хабарда.
Элчихона ариза тўлдириш бир қатор имкониятларни тақдим этишини эслатди. Хусусан, Россияга киришда чекловлар бор-йўқлигини олдиндан текшириш мумкин. Бундан ташқари, SIM-карта сотиб олиш учун зарур бўлган СНИЛС (индивидуал шахсий ҳисоб рақамининг суғурта рақами) автоматик равишда расмийлаштирилади.
Қўшимча равишда рақамли профиль шакллантирилади, бу давлат органлари ва ташкилотлар билан онлайн (ихтиёрий тиббий суғурта полисини сотиб олиш, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ва ҳ.к.) ўзаро алоқа қилиш имконини беради.
Янги талаблар РФга кириш ва ундан чиқиш қоидалари ва шартларини синовдан ўтказиш бўйича эксперимент доирасида жорий этилмоқда. Айнан шу эксперимент доирасида декабрь ойидан бошлаб Москванинг Шереметьево, Внуково, Домодедово ва Жуковский аэропортларида, шунингдек Оренбург вилоятидаги «Маштаково» назорат пунктида кириб келаётган хорижликларнинг биометрик маълумотларини (фото ва дактилоскопия) йиғиш бўйича эксперимент ўтказилган эди. 2025 йил 30 июндан бошлаб худди шундай ўзгаришлар Россия чегарасидаги барча назорат пунктларида жорий этилмоқда.