
Европа Иттифоқи Россия фуқароларига виза бериш қоидаларини мамлакатнинг Украинадаги уруши билан боғлиқ «хавфсизликка таҳдидларнинг кучайганини ҳисобга олган ҳолда» қатъийлаштиришга қарор қилди. Бу ҳақда Европа комиссиясининг 2025 йил 7 ноябрда эълон қилинган баёнотида айтилган.
Энди Россия фуқароларига кўп марталик Шенген визалари берилмайди. Улар ЕИга режалаштирилган ҳар бир сафар учун янги виза олиш учун ариза топширишлари керак бўлади, дейилади ЕК матбуот релизида. Қарор Виза қўмитасидаги барча аъзо давлатлар томонидан тасдиқланди.
«Бу хавфсизликка бўлиши мумкин бўлган хатарларни камайтириш учун ариза берувчиларни мунтазам ва синчковлик билан текшириш имконини беради», — дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, ЕИ янги қоидалардан мустақил журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун истисно кўзда тутди.
«Россиянинг Украинага қарши уруши Европа хавфсизлигига жиддий таҳдид солишда давом этмоқда, саботаж, дезинформация ва дронларнинг иттифоқ ҳудудига кириб келиш хавфини кучайтирмоқда. ЕИ бу ноқонуний тажовуз бошланганидан бери Россия фуқаролари учун кириш шартларини изчил равишда қатъийлаштириб келмоқда. Виза қоидаларининг қўшимча чеклови — Европа Иттифоқи ва унинг фуқаролари хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун яна бир зарур қадам», — деди технологик суверенитет, хавфсизлик ва демократия масалалари бўйича ижрочи вице-президент Хенна Вирккунен.
«Биз ўз ҳудудимизда дронлардан фойдаланиш ва саботаж ҳаракатларининг мисли кўрилмаган ҳолатларига дуч келмоқдамиз. Биз ўз фуқароларимизни ҳимоя қилишга мажбурмиз. Энди ЕИга сафар қилиш учун виза олишга мурожаат қилаётган Россия фуқаролари учун қатъийроқ қоидалар қўлланилади. ЕИга саёҳат қилиш ва Иттифоқ ичида эркин ҳаракатланиш — бу имтиёз, ҳуқуқ эмас», — дея таъкидлади ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас.
«Янги қоидаларга мувофиқ, Россия Федерацияси фуқаролари томонидан топширилган виза олиш учун барча аризалар кучайтирилган текширув жараёнларидан ва янада синчков кўриб чиқишдан ўтади. Бу Шенген ҳудудининг яхлитлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради», — деди Ички ишлар ва миграция бўйича комиссар Магнус Бруннер.
2022 йил сентябрда ЕИ Россия билан 2007 йилдан бери амалда бўлган виза тартибини соддалаштириш тўғрисидаги келишувни тўхтатган эди. Ўшанда Россия фуқаролари ЕИга қисқа муддатли виза олиш учун ариза топшириш имкониятини сақлаб қолишган, аммо кўпроқ ҳужжатлар тақдим этиш, аризаларни кўриб чиқиш муддати узайган ва виза йиғими 35 евродан 80 еврогача кўтарилган. Кўп марталик виза бериш имконияти консулликлар ихтиёрида қолган эди.

