
Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв 2026 йил 27 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашувда атом шаҳарчаси ва атом кластери лойиҳасини таклиф қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йилнинг асосий қарорларидан бири станция конфигурациясининг узил-кесил тасдиқланиши бўлди.
«Шуни таъкидламоқчиманки, битта майдонда иккита 1000 МВтли ВВЭР-1000 блоки ва ҳар бири 55 МВтли иккита РИТМ-200 кичик қувватли реакторлари жойлаштириладиган ноёб, ўзига хос ва оригинал ечим топилди», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
«Росатом» раҳбари йирик ва кичик реакторларнинг бирлаштирилиши иқтисодий ва технологик самара беришини қайд этди.
«Бу электр энергияси нархини тушириш учун катта умумий самара беради. Биз барча блокларнинг капитал харажатларини битта халтага бирлаштирамиз ва бу мутлақо бошқача мобилликни — кичик реакторлар ҳисобига қувват миқдорини бошқариш имкониятини беради», — деди Лихачёв.
«Росатом»нинг Telegram-каналида жойлаштирилган видеода корпорация раҳбари Ўзбекистондаги лойиҳа «катта ва кичик қувватлар уйғунлигининг дунё миқёсидаги кўргазмаси»га айланишини айтди.
«Ушбу ноёб компетенция нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун қизиқарли бўлади, чунки дунёнинг ҳеч бир жойида бунга ўхшаш нарса йўқ. Бу жуда жиддий технологик топилма», — дея қўшимча қилди.
Лихачёв лойиҳа комплекс ечимларни ва, энг аввало, кадрлар масаласида узоқ муддатли режалаштиришни талаб қилишини кўрсатиб ўтди.
«Кадрлар тайёрлаш масаласи принципиал жиҳатдан муҳим ва уни асрлар учун режалаштириш керак. Бу шунчаки сўз ўйини эмас — одамларга бўлган эҳтиёжни сўзнинг тўғри маъносида асрлар учун белгилаб чиқиш лозим. Одамлар нафақат қизиқарли иш билан шуғулланишлари, балки жуда жозибадор ва қулай ижтимоий шароитларда яшашлари керак», — деди у.
Шу нуқтаи назардан, «Росатом» Фориш туманида атом шаҳарчасини яратишни таклиф қилди.
«Биз бугун президентга Фориш туманида атом шаҳарчасини яратиш ғоясини таклиф қилишга жазм этдик. Биз-ку жазм этдик, президент эса аллақачон бундай ишни бошлашга қарор қилди», — деди Лихачёв.
Унинг сўзларига кўра, гап нафақат АЭС ходимлари учун шаҳарча, балки кенгроқ лойиҳа ҳақида бормоқда.
«Биз нафақат станция олдидаги атом шаҳарчасини, балки атом кластерини яратишни таклиф қилдик. Унда нафақат атом энергетикаси, балки атом тиббиёти, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва материалшунослик манфаатлари йўлидаги радиологик компетенциялар ҳам бўлади. Биз бугун тушунамизки, энергетик мустақиллик, энергетик суверенитет — бу шунчаки маълум миқдордаги генерация қувватларини қуриш эмас. Бу ақлли тармоқлар, маълумотларни қайта ишлаш маркази, захира қувватлари, яшил генерациянинг барча турлари: газ, шамол ва қуёшдан ҳисобланган ҳолда фойдаланишдир», — дея баёнот берди.
Лихачёвнинг фикрича, 24/7 режимидаги базавий генерацияни фақат атом энергияси таъминлай олади. У ишга аллақачон Курчатов институти жалб қилинганини ва у ерда тадқиқот реактори жойлаштирилиши эҳтимолини инкор этмади.
«У ерда янги тадқиқот реактори жойлаштирилиши мумкин. Ушбу бутун мажмуа учун ўз рақамли саноати, рақамли ечимлари, маълумотларни қайта ишлаш маркази, янги материаллар ва технологиялар бўйича ишлар зарур», — деб қайд этди.
«Росатом» раҳбари лойиҳа тўлақонли инновацион марказ шаклланишини кўзда тутишини таъкидлади. «Шундай қилиб, биз шунчаки эксплуатация қилувчи ташкилот учун шаҳарча яратиш ҳақида эмас, балки яқин ўн йилликда аҳолиси йигирма, балки ўттиз минг кишигача етадиган яхлит инновацион атом, ядро кластери ҳақида гапиришимиз мумкин», — деди Алексей Лихачёв.
Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси директори Абдужамил Калмуратов 2025 йил декабрь ойида янги моношаҳар бўлажак АЭС қурилиш майдонидан 16 км узоқликда қурилишини сўзлаб берган эди. У 10 минг оилага мўлжалланган бўлиб, аҳоли сони камида 30 минг кишини ташкил этади. Мастер-планга кўра, 100 гектар майдонда мактаблар, болалар боғчалари, турар жой мавзелари, боғлар, спорт заллари ва кўп тармоқли тиббиёт маркази жойлашади.
2025 йил сентябрь ойи охирида Ўзбекистон ва Россия Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги бўлажак атом станцияси конфигурациясини белгиловчи ҳужжатларни имзолаган эди. Томонлар, шунингдек, реакторлар учун ядро ёқилғисини етказиб бериш бўйича ҳам келишиб олдилар. Энергоблокларни ишга тушириш 2029—2035 йилларга мўлжалланган. Кичик ва йирик АЭСларни бир вақтнинг ўзида жойлаштириш ҳисобига «МВт·соат нуқтаи назаридан энг тежамкор вариант» кутилмоқда.
Интеграциялашган АЭС иккита йирик ВВЭР-1000 (ҳар бири 1 ГВт) ва иккита кичик РИТМ-200Н (ҳар бири 55 МВт, дастлаб олтита реактор кўзда тутилган эди) реакторларини ўз ичига олади. Объектнинг умумий қуввати 2110 МВт ташкил этади, тўлиқ ишга туширилгандан сўнг йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш 16—17 млрд кВт·соатга етиши керак, Ўзбекистон энергия балансидаги улуши эса 12—15 фоизни ташкил этади. Ҳисобланган фойдаланиш муддати — 60 йил.
Кичик АЭС асосида атом муз ёрар кемаларида ишлатилган РИТМ-200Н сувли-сувли ядро реактори ётади, бироқ ушбу реакторли ер усти АЭСи ҳали қурилмаган ва референт (синовдан ўтган) ҳисобланмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон бир майдонда кичик ва йирик АЭС бир вақтда жойлаштириладиган дунёдаги биринчи давлатга айланади.