Робот ит Трамп ҳимоясида

АҚШнинг махфий хизмат тасарруфида робот итлар пайдо бўлди. Улардан бири янги сайланган АҚШ президенти Дональд Трампнинг Палм-бич шаҳридаги “Мар-а-Лаго” қароргоҳини ҳимоясида қўлланилмоқда. Ушбу робот кучук Boston Dynamics томонидан ишлаб чиқилган ва унинг номи “Spot”, яъни таржимаси турлича бўлиб, “нуқта”, “доғ” ва “излаб топиш” маъноларини англатади.

Робот ит турли камералар билан жиҳозланган, уни камераларидаги аксларни бошқарувчи инсон онлайн равишда кузатади ва бошқарув джойстики орқали йўналтириши мумкин. Ундан ташқари, унга керакли йўналишларда маршрут тузиб берилса, белгиланган ҳудуд бўйича инсон бошқарувисиз ҳаракатланиши мумкин, лекин йўлида одам ёки бошқа хавф чиқса, автоматик равишда унга қарши чора кўриш қобилиятига эга эмас, яъни фақатгина кўриниши билан қўрқитиши мумкин. Шунинг учун, у хавфсизлик хизмати учун ёрдамчи техника сифатида фойдаланилмоқда.

Бундай “ит”ни ишдан чиқариш усули ҳам бор экан ва бунинг учун, камерасига соч лаки билан сепиш кифоя. Трампнинг қароргоҳидан ташқари, шунга ўхшаш робот итлардан Нью-Йорк полицияси ва бошқа жойларда фойдаланиш бошланди.