Юлия Рисякова Республика таълимни ривожлантириш марказига раҳбар этиб тайинланди

Юлия Васильевна Рисякова Республика таълимни ривожлантириш илмий-методик маркази директори этиб тайинланди, дея хабар берди марказ матбуот хизмати.

Тайинловга қадар у марказ директори вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида ишлаган, ундан аввал эса, 2023 йилдан бошлаб, директор ўринбосари бўлган.

2025 йил 4 ноябрь, сешанба куни Президент Администрацияси раҳбарининг таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Ҳилола Умарова марказ йиғилишини ўтказди. Йиғилиш аввалида у Президент Администрацияси раҳбарининг тайинлаш тўғрисидаги фармойишини ўқиб эшиттирди.

Ҳилола Умарова, шунингдек, марказга вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда янги лойиҳаларни самарали амалга оширишни топширди.

Эслатиб ўтамиз, Республика таълимни ривожлантириш илмий-методик маркази Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил апрель ойидаги қарори билан ташкил этилган. Ўша йилнинг июнь ойида унинг директори этиб Воҳид Ҳамидов тайинланган, у бу лавозимда 2024 йил февраль ойигача ишлаган.

Марказ мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари, шунингдек, қисқа муддатли ўқув курслари, шу жумладан хусусий курслар учун таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.