Республика онкология марказига Туркиядан мутахассис раҳбар бўлди

Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт онкология ва радиология марказига Туркиядан мутахассис Седат Кая раҳбарлик қилади. Бу ҳақдаги буйруқни Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров имзолади, дея хабар берди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Седат Кая Анқара университетининг тиббиёт факультетини тамомлаган, Анатолия университетида бизнес-администрация, Отатурк университетида тиббиёт муассасаларини бошқаришни ўрганган ва Сакаря университетида соғлиқни сақлашни бошқариш бўйича магистр даражасига эга.

У 2011 йилдан 2018 йилгача Сакаря университети клиник шифохонасида ва Сакаря давлат шифохоналари иттифоқида (Туркиядаги вилоят) турли лавозимларда ишлаган. Шунингдек, у Сакаря соғлиқни сақлаш бошқармаси вице-президенти ва президенти лавозимларида ҳам фаолият юритган.

«Янги раҳбар олдига Ўзбекистон онкология хизматини жаҳон стандартлари даражасига етказиш, соҳада замонавий менеджментни шакллантириш, хорижий тажриба асосида диагностика ва даволашнинг энг янги усулларини жорий этиш, ҳудудларда скрининг тадбирлари кўламини кенгайтириш, шунингдек, соҳага сунъий интеллект ва инновацион технологияларни татбиқ этиш, тизимни тўлиқ рақалаштириш ҳисобига шаффофликни таъминлаш, тиббий туризмни ривожлантириш, ёш кадрларнинг билим ва салоҳиятини мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотларниқўллаб-қувватлаш каби бир қатор вазифалар қўйилган», — дейилади хабарда.

Марказнинг аввалги раҳбари Мирзағолиб Тилляшайхов эди.

Таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2025 йил 19 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда барча республика ихтисослаштирилган клиникалар фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва уларни бошқарувга замонавий профессионал менежерларни жалб қилиш ҳақида сўз борган эди. Республика онкология ва радиология марказида аллақачон туркиялик мутахассислар ишлаётгани хабар қилинган.

2024 йилнинг ноябрь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини еттита асосий йўналишда, жумладан, тиббий суғурта, фармацевтика ва тез тиббий ёрдам бўйича ўзгартиришга ёрдам бериш учун Туркиядан 7 нафар эксперт иш бошлаганини маълум қилган эди.

2025 йил Республика онкология маркази Тошкент тиббиёт академияси яқинида жойлашган янги мажмуага кўчиб ўтди. Ўтган ёзда Президент ушбу мажмуани зиёрат қилган эди.