Ўзбекистонда уй-жой реновацияси лойиҳалари фақат аҳоли розилиги билан бошланади

Ўзбекистонда реновация лойиҳалари хусусий бизнес иштирокида ва фақат аҳоли розилиги билан амалга оширилади. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов 2025 йил 9 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Словакия бизнес-форуми доирасида маълум қилди.

2025 йилда реновация бўйича режалар ҳақидаги саволга вазир бу иш босқичма-босқич амалга оширилиши ва тадбиркорлар ҳамда маҳаллий аҳолининг тайёрлигига боғлиқлигини таъкидлади.

“Реновация ҳам тадбиркорлар билан биргаликда амалга оширилади. Бу ерда ҳар икки томоннинг розилиги муҳим. Биз Тошкентдаги реновация зоналари ҳақидаги маълумотларга киришни аллақачон очганмиз. Ҳозир Тошкент намунасида барча вилоят шаҳарларининг янги бош режаларини ҳам рақамлаштирамиз ва очамиз”, — деди у.

Ҳидоятов қурилишни бошлашдан олдин инвестор маълум бир ҳудуднинг мастер-режасини ишлаб чиқиши ва аҳоли билан келишиб олиши шартлигини таъкидлади:

“Агар тадбиркор реновация ҳудудига келса, у алоҳида мастер-режа ишлаб чиқади. Фақатгина аҳолининг розилигини олганидан сўнггина лойиҳа амалга оширилади. Розилик ва мастер-режа бўлмас экан, бош режа асосида ҳеч қандай лойиҳа амалга оширилмайди”.

Реновация тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, вазир ҳужжат устидаги ишлар давом этаётганини тасдиқлади:

“Ҳозирда қонун устида иш олиб борилмоқда. Биз уни Адлия вазирлиги ва Олий Мажлис депутатлари билан биргаликда ишлаб чиқмоқдамиз. Лекин бу ривожланиш жараёни [қонунни кутиб] тўхташи керак дегани эмас”.

Вазирнинг сўзларига кўра, асосий шартга риоя қилинган ҳолда лойиҳаларни бошлаш имконини берувчи вақтинчалик механизмлар амал қилмоқда:

“Шунинг учун вақтинчалик ечим таклиф қилинди. Ушбу ечим доирасида лойиҳалар фақат аҳоли розилиги билан амалга оширилиши мумкин”.

2025 йилда реновация дастурлари доирасида 20 мингта квартира қуриш режалаштирилган. 2025 йил январь ойида Шавкат Мирзиёев бу йўналишда Жиззах, Марғилон, Қўқон, Шаҳрисабз, Қарши шаҳарларида, шунингдек, Дўстлик тумани ва Тошкент туманларида муваффақиятли ишлар бошланганини таъкидлади. У уларнинг тажрибасини барча ҳудудларда оммалаштириш зарурлигини кўрсатди.

Президент фармонига кўра, 1 мартдан Ўзбекистонда реновация доирасида кўп қаватли уйлар қуришнинг янги тартиби жорий этилди. Лойиҳаларни амалга ошириш фақат барча мулкдорларнинг нотариал тасдиқланган розилигидан сўнггина мумкин. Аҳолига уч турдаги компенсация таклиф этилади. Реновация тартиби тўғрисидаги ҳужжатни 1 сентябргача ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Апрель ойида давлат раҳбари реновация тўғрисидаги қонун лойиҳаси билан танишди, бу мамлакатнинг эскирган уй-жой фондини янгилаш учун асос бўлиши керак. Ҳужжат халқаро тажриба ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган ва реновация дастурларини уч босқичда амалга оширишни назарда тутади.

Биринчи босқичда шаҳар ва туманларда реновация учун мос ҳудудлар аниқланади ва тегишли лойиҳалар ишлаб чиқилади. Уй эгаларига янги уй ёки компенсация таклиф этилади. Барча келишувлар ҳар бир мулкдор билан алоҳида тузилади ва нотариал тасдиқланади.

Иккинчи босқичда реновация дастури ҳудудий ва республика кенгашлари томонидан кўриб чиқилади, қурилиш ташкилоти аниқланади. Учинчи босқичда янги уйлар қурилади ва фойдаланишга топширилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов аввалроқ 1991 йилгача қурилган эскирган ва авария ҳолатидаги уйларни бузиш ва уларнинг ўрнига реновация дастури бўйича замонавий энергия тежамкор уй-жойлар қуриш режалаштирилганини таъкидлаган эди.

Сиёсий партиялар тегишли қонун қабул қилинмагунча реновацияни шошма-шошарлик билан ўтказмасликка чақирган эди.