Тошкентдаги Рақобат қўмитаси биноси кимошди савдосига қўйилди

Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси биносини электрон савдога қўйди, дея хабар берилади E-auksion платформасида.

1956 йилда қурилган тўрт қаватли бино Лабзак кўчасида жойлашган. Бино ва иншоотларнинг умумий майдони 4075 квадрат метрни, эгаллаган ер участкаси майдони — 1050 квадрат метрни ташкил этади.

Сотув шартларига кўра, харидор ҳудудда шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ офис ва сервис объектларини ташкил этиши керак.

Рақобат қўмитаси сотиш шартномаси тузилгандан сўнг уч йил ичида бинони бўшатиш мажбуриятини олади. Агар идоранинг Янги Тошкентдаги янги офиси қурилиши муддатидан олдин тугаса, бино ҳам муддатидан олдин бўшатилади.

Лотнинг бошланғич нархи 58,61 миллиард сўмни ташкил этади. Савдолар 2025 йил 18 декабрга белгиланган. Улар бошланғич нархни ошириш бўйича аукционнинг классик шаклида ўтказилади.

Сотув Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 мартдаги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Давлат мулкини сотиш дастури доирасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси (қуйидаги фотосуратда — санаб ўтиш тартибида) ва бошқа идораларнинг бинолари ҳам кимошди савдосига қўйилган.

2023 йил март ойида президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилиши бошланишини англатувчи капсулани ўрнатган эди. У барча давлат ижро ҳокимияти органлари бу ерга кўчиб ўтишини, ҳозир вазирлик ва идоралар жойлашган бинолар ўрнида меҳмонхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари очиш режалаштирилаётганини маълум қилган. «Тошкент замонавий туризм ва бизнес марказига айланади», — деган эди давлат раҳбари.

«Тасаввур қилинг, [Тошкентга] катта машиналар кирмайди, тирбандликлар бўлмайди, одамлар бундан фақат ютади», — деган эди у 2024 йил ноябрда.