Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 13/03/2026

Рақобат қўмитаси 2025 йили давлат харидларида 28 мингдан ортиқ рақобатга зид ҳаракатларни аниқлади

2025 йилда Рақобат қўмитаси умумий бошланғич қиймати 18,8 трлн сўм бўлган 23 мингдан ортиқ давлат харидларини ўрганди. 16,1 мингта савдо жараёнларини ўтказишда буюртмачилар ва иштирокчилар томонидан 28,3 мингта рақобатга зид ҳаракатлар аниқланди, деб хабар берди идора матбуот хизмати.

Улар жумласига қуйидагилар киради:

  • савдоларни ўтказишнинг белгиланган тартибини бузиш бўйича 16 мингта ҳолат;
  • иштирокчилар ўртасидаги келишилган ҳаракатлар бўйича 1145 та ҳолат;
  • иштирокчиларни асоссиз равишда четлатиш бўйича 801 та ҳолат;
  • айрим иштирокчилар учун имтиёзлар яратиш бўйича 8647 та ҳолат;
  • иштирокчилар ўртасидаги ўзаро аффилланганлик бўйича 685 та ҳолат;
  • буюртмачи ва иштирокчилар ўртасидаги аффилланганлик бўйича 61 та ҳолат;
  • бошқа рақобатга зид ҳаракатлар бўйича 948 та ҳолат.

Қўмита маълумотларига кўра, аниқланган фактлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа ваколатли органлар билан биргаликда ўрганилган.

Натижада 11,4 мингта харид бўйича материаллар ваколатли органларга тақдим этилган. 4708 та харид бўйича иш қўзғатилган, мансабдор шахсларга нисбатан эса 714 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, судга юборилган.

Қоидабузарликка йўл қўйган корпоратив буюртмачиларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилган. Шунингдек, уларга қоидабузарликларни бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар берилган.

2026 йил март ойидан бошлаб давлат харидлари учун товар ва хизматларнинг ўртача бозор нархини ҳисоблаб чиқадиган сунъий интеллектга эга электрон модулни ишга тушириш режалаштирилган эди.