Рақамли сўмни ишлаб чиқиш жараёни бошланди — Ўзбекистон Марказий банки

Ўзбекистонда рақамли сўмни муомалага чиқариш бўйича тадқиқот ишлари бошланди. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очилов 2025 йил ноябрь ойи охирида инфляцион таргетлаш шароитида сузувчи алмашув курсининг аҳамиятига бағишланган давра суҳбатида миллий рақамли валюта истиқболлари ҳақидаги саволга жавоб бериш вақтида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 2023 йилдан буён регулятор рақамли иқтисодиётни ривожлантириш доирасида рақамли валюталарга алоҳида эътибор қаратмоқда. Рақамли сўм масаласи президент даражасида ҳам кўриб чиқилган.

«Бугунги кунда ушбу масала янада долзарб бўлиб бораётгани сабабли, у давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтказилган йиғилишда ҳам тақдим этилди. Биринчи босқичда Марказий банк рақамли сўмни чиқариш масаласини ҳар томонлама ўрганмоқда», — деди МБ раиси ўринбосари.

У ўхшаш жараёнлар бошқа мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорларида ҳам тадқиқот босқичида эканини қайд этди. Мисол тариқасида у Швейцария Марказий банки билан ҳамкорликни келтириб ўтди.

Очиловнинг айтишича, криптоактивларнинг фаол ривожланиши марказий банклар рақамли валюталарини ўрганиш учун қўшимча омил бўлди. Бу криптоактивларга муқобил бўла оладиган давлат рақамли валютаси бўлиши мумкин. Ҳозирда рақамли сўмнинг турли моделлари, жумладан, чакана ва фақат банклараро айланма учун мўлжалланган улгуржи моделлари кўриб чиқилмоқда.

Аниқроқ қарорлар келгуси йил бошида кутилмоқда. «Келгуси йил бошида бу масала бўйича янгиликлар пайдо бўлади ва албатта, сизлар ҳамда банклар иштирокида бу масалалар муҳокама қилинади. Жараён бошланган — умуман олганда, жараёнга старт берилган деб айтиш мумкин», — дея таъкидлади.

Президентнинг 2025 йил ноябрь ойи охиридаги қарори билан тасдиқланган 2025–2026 йилларда молиявий технологиялар соҳасини қўллаб-қувватлаш дастурига кўра, Ўзбекистонда Марказий банк рақамли валютасидан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш бўйича эксперимент ўтказиш юзасидан «йўл харитаси» ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Ҳужжатда белгиланишича, 2026 йил апрель ойигача масъул идоралар халқаро консалтинг компаниялари тавсиялари асосида рақамли валютани жорий этиш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишлари ва тасдиқлашлари лозим.

Аввалроқ Марказий банк раиси Тимур Ишметов ўз рақамли валютасини чиқариш имкониятини ўрганиш зарурлигини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, бу валюта аҳоли ва бизнеснинг чакана тўловларида, МБ ва тижорат банклари ўртасидаги операцияларда, шунингдек, бошқа давлатлар билан амалга ошириладиган транзакцияларда қўлланилиши мумкин.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак ҳам стейблкоинлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланишни тестдан ўтказиш ва токенизация қилинган акцияларни ишга тушириш режалаштирилганини қайд этган эди.

Маълумот учун:

Марказий банк рақамли валютаси — бу мамлакат марказий банки томонидан чиқариладиган ва кафолатланадиган миллий пулнинг электрон шакли. Бу «рақамли нақд пул» бўлиб, у оддий пуллар билан бир хил ҳуқуқий мақомга эга.

Чакана рақамли валюта аҳоли ва бизнес учун кундалик тўловлар ва ўтказмалар учун мўлжалланган. Улгуржи шакли эса фақат молиявий институтлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва халқаро транзакцияларда қўлланилади. Рақамли валюта ўтказмаларни тезроқ, арзонроқ ва қулайроқ қилиши, шунингдек, пул тизими устидан назорат ва барқарорликни сақлашга хизмат қилиши кутилмоқда.