2026 йилдан рақамли маркировкалаш қоидалари бузилишини масофадан текшириш жорий этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 23 май куни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан тадбиркорлар томонидан харид қилинган маҳсулотларга маркировка кодларини тушириш учун илгари белгиланган 90 кунлик муддат бекор қилинади. Эндиликда улар учун тўлов фақат маҳсулотга код туширилгандан кейин амалга оширилади. Илгари кодлар учун аванс (олдиндан тўлов) тўланган, бу эса ишлаб чиқарувчилар ва импортчиларнинг айланма маблағлари музлатилишига олиб келган. Энди бу тартиб бекор қилинди ва маблағлар фақат амалда фойдаланилган ҳолатда сарфланади.

Бунда фойдаланилмаган кодлар учун тўловлар янги маркировка кодларини сотиб олишда ҳисобга олинади.

Рақамли маркировкаланган маҳсулотларни агрегация қилишда қўлланиладиган маркировка кодлари рақамли маркировкалаш ва кузатиш тизими оператори CRPT Turon томонидан бепул тақдим этилади. Тадбиркорларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш учун колл-марказнинг кеча-кундуз ишлаши ташкил этилади.

1 июлдан бошлаб маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотларнинг улгуржи савдосида ҳисоб-китоблар фақат банк ҳисобварақлари орқали нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши шарт. 1 сентябрдан бошлаб маркировкалаш қоидаларини бузиш «юқори» солиқ хавфи омили ҳисобланади.

Мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотларни сотишда маркировка кодини туширмасдан электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштиришга йўл қўйилмайди. Маҳсулотларни чакана сотишда нақд пул чеки фақат маркировка коди киритилгандан (сканерлангандан) кейин шакллантирилади. Илгари фойдаланилган код киритилганда, чек шакллантиришга йўл қўйилмайди.

2026 йил 1 январдан бошлаб маркировкалаш қоидалари бузилишларини аниқлаш бўйича солиқ текширувларини масофадан ўтказиш тартиби жорий этилади. Улар махсус гувоҳнома олиш заруратисиз ўтказилади.

Биринчи ва иккинчи қоидабузарликда тадбиркорга огоҳлантириш берилади. Учинчи қоидабузарликда жарима қўлланилади:

  • бир ой ичида биринчи марта — сотиш амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 0,2%и;
  • бир йил ичида иккинчи марта — 0,4%;
  • бир йил ичида учинчи марта — 1%;
  • тўртинчи марта ва кейинги ҳолатларда — 2%.

Жарима қўлланилган пайтдан бошлаб бир йил ичида компания ҚҚС суммасини қоплаш ҳуқуқини йўқотади.

Ҳозирда маркировкалаш қоидаларини бузиш сотиш амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2% миқдорида жарима солишга олиб келади.

Солиқ қўмитаси тузилмасида Маркировкалаш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси ташкил этилади. У маркировкаланадиган маҳсулотлар айланмасининг барча босқичларини назорат қилади, шунингдек, маркировкани янги товарларга кенгайтириш бўйича пилот (экспериментал) тадбирларни ўтказади.