
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва меҳнат унумдорлиги марказига ички ва ташқи инфляция хавфларини барвақт аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалий ечимлар ишлаб чиқиш вазифасини топширди. Бу ҳақда 2026 йил 13 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Топшириққа кўра, вазирликнинг ҳудудий бошқармаларида марказнинг икки нафардан вакили фаолият юритади. Улар ҳар ҳафта туман ва шаҳарлардаги бозорлардаги вазиятни таҳлил қилиб, муайян товарларга бўлган жорий талабни аниқлайди ҳамда унинг бир ой, уч ой ва бир йилдан кейинги ўзгаришини прогноз қилади.
Бундан ташқари, мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари, омбор захиралари ва эҳтимолий тақчилликни қоплаш манбаларини ҳисобга олган ҳолда ҳар чоракда асосий озиқ-овқат товарлари баланси шакллантирилади.
Президент Рамазон ойи арафасида нархлар барқарорлиги муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
«Кейинги ҳафтада муборак Рамазон ойи бошланади. Меҳр-оқибат, ўзаро ёрдам ва шукроналик рамзи бўлган ушбу кунларда ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш айниқса муҳим. Шу муносабат билан вилоят ҳокимларига бир ҳафта муддатда туман ҳокимлари билан биргаликда деҳқон бозорлари ва йирик савдо мажмуаларида нархлар арзон бўлишини таъминлаш топширилди», — деди давлат раҳбари «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатуви лавҳасида.
2026 йил январь ойида йиллик инфляция 7,2 фоизни ташкил этди, бунда нархлар ўсишининг 13 фоизи гўшт маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди. Деҳқон хўжаликларида ишлаб чиқариш ҳажми камайиши ва импортнинг кескин ўсиши фонида президент озуқа экинлари майдонларини кўпайтириш ва четдан етказиб беришга қарамликни камайтириш бўйича топшириқ берди.