
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳаракат тезлигини назорат қилувчи ҳар қандай стационар ёки мобил радарлар ўрнатилган жойларда, шунингдек, улар ўрнатилган жойгача камида 250 м ва кўпи билан 500 м масофада «Радар» йўл белгисини ўрнатиш мажбурий бўлади.
Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг топшириғи ва ҳукумат қарорига асосланиб хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, қарор «аҳолининг таклиф ва истакларини инобатга олган ҳолда, йўл ҳаракатини ташкил этишни такомиллаштириш, ҳайдовчиларга қўшимча қулайликлар яратиш ва уларни ташвишга солаётган муаммоли масалаларни ҳал этиш мақсадида» қабул қилинган.
Бошқа янгиликлар қаторида — 2025 йил 1 июндан бошлаб автотранспорт воситаларининг йўл чизиқларини босиб ўтиши билан боғлиқ қоидабузарликларни фото ва видеокамералар ёрдамида қайд этиш тақиқланади (стоп-чизиқни кесиб ўтиш бундан мустасно). ЙПХ ходимлари бу қоидабузарлик учун жарима солишда давом этадилар.
Бундан ташқари, йўлларни таъмирлаш ва чизиқлар чизиш ишларини кундузги ва кечки вақтда олиб бориш тақиқланади. 1 июндан бошлаб бу ишлар билан фақат тунда шуғулланиш мумкин бўлади.