
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 2025 йил 28 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш юзасидан Энергетика вазирининг парламент сўровига берган жавобини тинглади, дея хабар беради парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.
Ҳисоботга кўра, қатор хорижий компаниялар Ўзбекистонда шамол генераторлари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш заводларини қуришни режалаштирмоқда. Навоий вилоятида аллақачон қуввати 500 МВтгача бўлган қуёш панеллари ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритмоқда, Жиззах вилоятида эса инверторлар ва металл конструкциялар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Вазирнинг жавобида айтилишича, «маҳаллий корхоналар томонидан бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилгани сабабли, маҳсулотнинг таннархи доллар эквивалентида 20 центдан 12 центгача пасайтирилди. Шунингдек, Жиззах вилоятида шамол парраклари ва Қорақалпоғистонда шамол электр станциялари учун миноралар ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш назарда тутилган».
Ўзбекистонда умумий қуввати 1857 МВт бўлган қуёш панеллари ва 4,8 млн литр ҳажмли гелиоколлекторлар ўрнатилган, бу эса 2,21 млрд кВт·соат электр энергияси ва 669,7 млн куб метр газни иқтисод қилиш, шунингдек, атмосферага 875 минг тонна карбонат ангидрид гази чиқишининг олдини олиш имконини берди.
Мамлакатда умумий қуввати 770 МВт бўлган қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи 7 та корхона ва 5 та маҳаллий қуёш сув иситгичлари ишлаб чиқарувчи корхона фаолият кўрсатмоқда.
Режаларга кўра, 2030 йилга бориб қуёш фотоэлектр станцияларининг умумий қуввати 9,4 ГВтга етиши керак.
Бундан ташқари, 38 та олий ўқув юртида қуввати 6,2 МВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган. Бу 3,5 млн кВт·соат электр энергияси ва 100 млн куб метр газни тежаш имконини берди.
Маълумотларга кўра, 32 117 та хонадон ўзлари ишлаб чиқарган электр энергияси учун 133,8 млрд сўм миқдорида тўловлар олди.
Шу билан бирга, Энергетика вазирлиги 2050 йилга келиб мамлакатда 40 тоннагача қуёш панеллари чиқиндилари тўпланиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Аҳоли ва тадбиркорлар томонидан ўрнатилган кичик панелларни утилизация қилиш учун миллий қайта ишлаш тизимини яратиш режалаштирилган.
Жавобда таъкидланишича, бунинг учун ихтисослаштирилган полигонлар яратишни ва қайта ишловчилар учун солиқ имтиёзларини назарда тутувчи қонунчиликка ўзгартиришлар тайёрланмоқда.
Энергетика вазирлиги аввалроқ Ўзбекистоннинг қуёш ва шамол электр станциялари йил бошидан бери 9 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарганини, умумий генерацияда «яшил» энергиянинг улуши 23% га етганини хабар қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Sino-Wind Energy компанияси Навоий вилоятида шамол генераторлари учун парраклар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирган эди. Лойиҳа қиймати 50 млн долларга баҳоланган.

