
Ўзбекистонда юқори даражада ёнувчанлик хусусиятига эга бўлган қурилиш материалларидан фойдаланишга чекловлар ўрнатилди. Бу ҳақда «Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига киритилган ўзгартиришларни (27 мартдаги 391-сон) рўйхатдан ўтказган Адлия вазирлиги хабар берди.
Янгиланган талабларга кўра, қурилиш материаллари ёнувчанлик даражаси бўйича 4 та тоифага таснифланади. Бунда баландлиги 28 метргача бўлган биноларнинг фасад қисмини пардозлашда фақат паст даражада ёнувчан материаллардан (2–4 тоифалар) фойдаланишга йўл қўйилади.
Баландлиги 28 метрдан юқори бўлган биноларни пардозлашда эса ёнувчан материаллардан фойдаланиш тақиқланади. Худди шундай тақиқ бинонинг баландлигидан қатъи назар таълим ва тиббиёт муассасалари учун ҳам амал қилади.
Бундан ташқари, эвакуация йўлларидаги — жумладан зинапоялар, коридорлар, холл ва чиқиш жойларидаги девор ва шифтларни пардозлашда, шунингдек, ер тўла ва ярим ер тўла хоналарида ёнувчан материалларни қўллашга чекловлар киритилди.
Адлия вазирлигининг қайд этишича, янги талаблар ёнғин келиб чиқиши ва тез тарқалиши хавфини камайтиришга, шунингдек, фавқулодда вазиятларда одамларнинг хавфсиз эвакуация қилинишини таъминлашга қаратилган.
2026 йил март ойида Тошкентда, Tashkent City ҳудудидаги Park in Mall оилавий кўнгилочар марказида ёнғин содир бўлган эди; бинонинг тўртинчи қаватида фудкорт ва болалар майдончаси жойлашган бўлиб, ҳодиса оқибатида жабрланганлар бўлмаган. Январь ойида Aviator савдо марказидаги болалар майдончасида юз берган ёнғин эса 3 ёшга ҳам тўлмаган қизалоқнинг ҳаётига зомин бўлганди.