Сенат ҳукуматдан қурилишдаги муаммолар ҳақида ҳисобот талаб қилди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориб, ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилиш фаолиятини тартибга солиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан тушунтириш беришни талаб қилди.

Бунга давлат ва инвестиция дастурларини амалга оширишда аниқланган тизимли муаммолар сабаб бўлди.

Сўровда қайд этилишича, президентнинг 2024 йил 24 декабрдаги қарори (ПҚ-454) асосида ажратилган 835,2 млрд сўмдан 466 млрд сўм эвазига 367,8 км ичимлик суви тармоқлари, 110,3 км канализация тармоқлари ва 20 та ичимлик суви иншооти қурилиб, реконструкция қилинди.

2024 йилги инвестиция дастури доирасида 22 та иситиш қозони ўрнатилди, 9 та қозонхона ва 136 км иссиқлик тармоқларида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Бу 817 та кўп қаватли уй (30 мингдан ортиқ хонадон) ва 29 та ижтимоий соҳа объектида иссиқлик таъминотини яхшилаш имконини берди.

Амалга оширилган ишларга қарамай, шаҳарларни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, қурилиш ишларини самарали ташкил этиш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратишда айрим муаммолар сақланиб қолмоқда.

Биринчидан, аҳоли пунктларининг бош режалари ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича вазифалар тўлиқ бажарилмаган.

Президентнинг ПҚ-299 ва ПҚ-245 сонли қарорларига мувофиқ, умумий қиймати 315,8 млрд сўм бўлган 180 та объектнинг манзилли рўйхати тасдиқланган. 2024 йилга 55,4 млрд сўм, 2025 йилга эса 100 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Бироқ, давлат экспертизаси ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилга қолдирилган объектлар бўйича 160,4 млрд сўм миқдорида маблағ тақчиллиги юзага келган.

Шунингдек, сўровда халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларда техник-иқтисодий асосларни келишиш босқичидаги кечикишлар кўрсатилган. Бу қурилиш ишларининг ўз вақтида бошланишига тўсқинлик қилмоқда.

Иккинчидан, ишлаб чиқилган техник-иқтисодий асослар ва аниқ ҳисоб-китобларга эга бўлмаган лойиҳаларга ташқи қарзларни жалб қилиш ҳолатлари қайд этилган.

Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги 300 млн долларлик 3 та лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асослар тайёрланмаган, бу эса жалб қилинган маблағлардан бир йилдан ортиқ вақт давомида фойдаланиш имконини бермаяпти. Мисол тариқасида Тошкентда 70 млн доллар қийматидаги 120 ўринли тиббиёт олийгоҳи қурилиши лойиҳаси келтирилган, бу бўйича техник-иқтисодий асослар ҳалигача ишлаб чиқилмаган.

Учинчидан, кўп қаватли уй-жойлар сифатига нисбатан ҳам жиддий эътирозлар билдирилган. 2024 йил ва 2025 йилнинг ўтган даврида уйларнинг техник ҳолати билан боғлиқ 8000 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланган.

Жумладан, 431 та таянч конструкцияси ва 2600 та тўсиқ конструкциялари шикастланган, 3300 дан ортиқ кўп қаватли уйлар ҳовлисида ноқонуний қурилмалар барпо этилган, 1800 дан ортиқ умумий фойдаланиш жойлари ўзбошимчалик билан ёпиб қўйилган.

Қурувчилар томонидан меъёр ва қоидаларга риоя қилмаслик оқибатида 2024-2025 йилларда судлар ўзбошимчалик билан қурилган объектларни бузиш тўғрисидаги даъволарнинг 75%ни қаноатлантирган — 11 мингдан ортиқ ишдан 8300 дан ортиғини.

2023–2024 йилларда кўп қаватли уйларни қуриш жараёнида — лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишдан тортиб, фойдаланишга топширишгача — қонунчилик талаблари бузилишининг 5500 та ҳолати аниқланган.

Хусусан:

  • 102 та кўп қаватли уй қурилишида лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилганидан паст мустаҳкамликка эга сифатсиз бетондан фойдаланилган;
  • 139 та ҳолатда кўп қаватли уйларга лифт ўрнатишда қонунчилик талаблари бузилган;
  • 74 та ҳолатда Қурилиш ва уй-жой-коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси қурилиши тугалланмаган ёки шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига зид бўлган объектларни фойдаланишга қабул қилган.

Масалан, қурилиш сифати ўта паст бўлишига қарамай, Тошкентнинг Яшнобод туманидаги Паркент кўчасида жойлашган 182-сонли 9 қаватли уй фойдаланишга қабул қилинган. Натижада у ердан квартира сотиб олган 102 нафар фуқаронинг ҳаёти хавф остида қолган ва улар тегишли идораларга асосли шикоятлар билан мурожаат қилишга мажбур бўлган, дейилади сўровда.

Бундан ташқари, II ва ундан юқори тоифадаги объектларни қуришда пудратчилар, техник назорат органлари ва ички назоратчиларнинг лаборатория мутахассислари иштирокида бетон намуналарини олиш бўйича аниқ мажбуриятлари белгиланмаган. Бу объектлар сифати ва хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

Жиддий муаммоли бандлардан бири сифатида архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари фаолияти кўрсатилган. Уларнинг фаолияти электрон форматга ўтказилмагани сабабли 185 та ҳолатда участкалар чегаралари, муҳофаза зоналари, «яшил ҳудудлар», автотураргоҳлар ва болалар майдончаларини ҳисобга олмасдан лойиҳаларга ижобий хулосалар берилган.

Олтинчи банд: пудратчилар томонидан таъминотчи ташкилотлар томонидан етказиб берилаётган қурилиш материаллари сифати бўйича ички назоратнинг мавжуд эмаслиги ҳолатлари оммавий равишда аниқланган. Хусусан, 402 та объектда пудратчи ташкилотлар томонидан зарур назорат олиб борилмаган, бу эса қуйидагиларга олиб келган:

  • фасад ва ободонлаштириш ишларининг сифатсиз бажарилиши — 223 та ҳолатда;
  • ички деворларни қуриш ва пардозлашдаги нуқсонлар — 181 та ҳолатда;
  • пойдевор, устунлар ва том конструкцияларини арматуралашда лойиҳа талабларининг бузилиши — 277 та ҳолатда.

Жорий вазият таҳлилига асосланиб, парламент сўровида Сенат ҳукуматдан аниқ тушунтиришлар ва чора-тадбирлар кутаётган 9 та асосий йўналиш белгилаб берилган:

  1. Аҳоли пунктларининг бош режалари ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш.
  2. Халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга оширишни фаоллаштириш ва ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш.
  3. 2025 йилги инвестиция дастури доирасида лойиҳаларнинг кечикиши сабабларини таҳлил қилиш ва уларнинг ўз вақтида якунланишини таъминлаш.
  4. Ўзбошимчалик билан қурилган биноларни, жумладан, кўп қаватли уйлар ҳудудларида ва жамоат жойларини эгаллаб олишни олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш.
  5. Қурилиш ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасида қонунчиликка қатъий риоя этилишини таъминлаш.
  6. Қурилиш ва таъмирлаш ишларида фойдаланиладиган материаллар сифатини давлат инспектори билан бир қаторда пудратчи ташкилотларнинг назорат қилиш бўйича мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилаш.
  7. Участкалар чегаралари, муҳофаза зоналари, «яшил ҳудудлар», автотураргоҳлар ва болалар майдончалари бўйича шаҳарсозлик талабларини бузадиган лойиҳаларга ижобий хулоса беришга йўл қўймаслик бўйича қўшимча чоралар кўриш, шунингдек, уларнинг бу соҳадаги жавобгарлигини кучайтириш.
  8. Архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари фаолиятини тўлиқ электрон форматга ўтказиш.
  9. Объектларга етказиб бериладиган материаллар сифати назоратини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан тушунтириш бериш.

Парламент сўрови натижаларини Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқиш режалаштирилган.