
Тошкентда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи компания раҳбаридан 1500 доллар олаётган вақтида қўлга олинди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати. Операция Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган.
ДХХ маълумотларига кўра, мансабдор шахс қўлга олиш вақтида воқеа жойидан қочишга уринган, бироқ тезкор ходимлар томонидан тўхтатиб қолинган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов материалларига кўра, бош мутахассис Юнусобод туманидаги 6 та уйга хизмат кўрсатиш ҳуқуқини бир бошқарув компаниясидан иккинчисига ўтказиш бўйича квартира мулкдорлари томонидан имзоланган далолатномаларни «Менинг уйим» платформаси биллинг тизимида рўйхатдан ўтказиб бериш эвазига 2200 доллар талаб қилган. ДХХнинг қайд этишича, ходим ушбу масалани танишлари бўлган мансабдор шахслар орқали ҳал қилиб беришни ваъда қилган.