Ўзбекистон фуқароларига уй-жой сотиб олишдан олдин объектни Қурилиш вазирлиги тизими орқали текшириш тавсия этилмоқда

Ўзбекистон фуқароларига уй-жой сотиб олишдан аввал объект «Шаффоф қурилиш» тизимида рўйхатдан ўтганлигини текшириш тавсия этилади. Бундай ҳолда сейсмик хавфсизлик ва қурилишнинг қонунийлиги бўйича саволлар туғилмайди. Бу ҳақда 2025 йил 10 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Хидоятов маълум қилди.

Қурилишнинг сейсмик хавфсизлиги мавзуси «Адолат» партиясидан депутат Беҳзод Тўхтамуродов томонидан кўтарилди. У сўнгги пайтларда ушбу масала ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинаётганини қайд этиб, янги биноларнинг сейсмик чидамлилигини таъминлаш бўйича қандай чоралар кўрилаётгани, қуриб битказилган объектлар мониторинги қандай олиб борилаётгани ва фуқаролар уй-жой сотиб олаётганда қурувчилардан қандай ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эканликлари билан қизиқди.

Бунга жавобан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Лойиҳа фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Рустам Кўчқоров республикада 112 мингдан ортиқ кўп квартирали уйлар сейсмик кўрикдан ўтказилганини маълум қилди. Текширувлар якунларига кўра, объектларнинг 88 фоизи сейсмик чидамли деб топилган, 12 фоиз биноларга нисбатан эса инструментал-техник кўриклар тайинланган бўлиб, уларнинг натижалари бўйича қўшимча чоралар белгиланади.

Бундан ташқари, биноларнинг сейсмик чидамлилигини ошириш мақсадида меъёрий ҳужжатлар такомиллаштирилди. Хусусан, янги шаҳарсозлик нормаси — ШНК 2.01.06−25 «Сейсмик ҳудудларда баланд биноларни лойиҳалаш» ишлаб чиқилди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Хидоятов барча қурилаётган объектлар мажбурий тартибда Қурилиш соҳасида назорат инспекциясида рўйхатдан ўтишини ва «Шаффоф қурилиш» тизимида акс эттирилишини таъкидлади. Ушбу тизим Қурилиш вазирлиги сайтида мавжуд бўлиб, унда объектларнинг жойлашган жойи, ҳозирги ҳолати ва фотоматериаллар кўрсатилган.

«Объектнинг инспекцияда рўйхатдан ўтказилиши унинг ишончли эканлигини англатади. Бу унинг давлат экспертизасидан ўтганини билдиради. Экспертиза сейсмик хавфсизликни назорат қилади. Кейинчалик инспекторлар қурилиш ишлари лойиҳа доирасида тўғри бажарилишини назорат қилиб борадилар. Шу боис аҳолига объект Қурилиш соҳасида назорат инспекциясида рўйхатдан ўтган-ўтмаганлигини текшириш кифоя — бундай ҳолатда хавфсизлик бўйича саволлар бўлмайди», — деди вазир.

2025 йил сентябрь ойида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 10 мингга яқин кўп қаватли уйларнинг сейсмик чидамлилиги бўйича текширув ўтказилганини хабар қилган эди: 87 фоизи меъёрларга жавоб беради, 1200 дан ортиқ объект қўшимча кўрикларга муҳтож. Қурилиш даврида ҳужжатларида камчиликлар бўлган 396 та уй бўйича материаллар тегишли органларга юборилган, ноқонуний қурилмаларни бузиш бўйича 200 та даъво аризаси киритилган.