Тошкентда қурилиш компаниясига уй-жойни топшириш муддатларини бузгани учун иш қўзғатилди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига фуқаролардан келиб тушган шикоят асосида Zamin Great City қурилиш компаниясига нисбатан иш қўзғатилди, деб хабар берди идора матбуот хизмати.

Фуқаронинг мурожаатига кўра, у қурилувчи билан шартнома тузган, аммо компания Тошкентдаги кўп қаватли уй қурилишини ўз вақтида якунламаган.

Маълум қилинишича, мурожаатчи Бектемир туманида жойлашган кўп қаватли уйда 39,47 кв.м. майдонли икки хонали квартира сотиб олиш учун 252,6 миллион сўмдан ортиқ маблағ тўлаган. Шартнома шартларига кўра, объект 2024 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топширилиши керак эди. Бироқ қурилиш тўхтатилган ва бугунги кунга қадар квартира харидорга топширилмаган.

Қўмита истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг 19-моддасига асосан, мажбуриятлар бажарилиш муддатлари бузилган тақдирда, истеъмолчи шартномадан воз кечиш, тўланган пулларни қайтариш ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканини эслатди. Ижрочи эса пеня ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа компенсацияларни тўлаш мажбуриятини олади.

Шикоят асосида қўмитанинг махсус комиссияси иш қўзғатди. Zamin Great City компаниясига нисбатан қурилиш муддатларига риоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг мол-мулкий манфаатларини тиклаш бўйича чоралар белгиланди.

«Фуқаролардан қурилиш шартномаларини имзолашда эҳтиёткор бўлишларини, қурилиш компанияларидан эса шартнома мажбуриятларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз», — дейилади хабарда.

2024 йилда қурилиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига оид 1640 та мурожаат келиб тушган. 2025 йилда эса бу кўрсаткич 234 тани ташкил этди. Кўриб чиқилган ишлар натижасида фуқаролар фойдасига 16,16 миллиард сўм ҳисоблаб чиқилди ва қайтарилди.