
Бу йилги Қурбон ҳайитининг биринчи куни 6 июнь — жума кунига тўғри келади ва дам олиш куни деб эълон қилинди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг маълумотига таяниб айтилган.
Байрамни муносиб ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида олти кунлик иш ҳафтасидаги ходимлар учун 7 июнь — шанба куни қўшимча дам олиш куни этиб белгиланди.
Қарорда шундай дейилади: “Янги Ўзбекистонда ижтимоий давлат қуриш ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги кунда халқимизга хос бўлган меҳр-шафқат, инсонпарварлик, шукроналик, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган ва асрлар давомида маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин тутиб келаётган муқаддас Қурбон ҳайитининг аҳамияти янада ортиб бормоқда”.