ҚҚС қайтаришда хато қилинса — қамалиш ҳам мумкин — Солиқ қўмитаси раҳбари

Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев 2025 йил 28 июль куни транспорт-логистика соҳаси тадбиркорлари билан учрашувда қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қайтариш билан боғлиқ муаммоларга изоҳ берди.

Тадбиркорлардан бири мурожаат қилиб, жараённинг чўзилиб кетаётганидан шикоят қилди: у февраль ойидан бери илгари олиб кирилган юк машиналари учун 750 млн сўм миқдоридаги ҚҚС қайтармасини ололмаяпти.

Шерзод Қудбиев ҚҚС қайтарими солиқ тизими учун «оғир масала» эканини таъкидлади.

«Агар ҚҚС қайтаришда хато қилинса, қамалиш ҳам мумкин. Шундай томони ҳам бор, тушуняпсизми? Бу жуда оғир масала. 32 нафар солиқ хизмати ходими жиноий жавобгарликка тортилган. Қўшилган қиймат солиғини қайтаришдаги хатоликлар учун, баъзи жойларда эса пора олганлик учун», — деди.

Унинг сўзларига кўра, солиқ органлари ходимлари ҚҚС қайтариш масаласига катта эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.

«Ҳозир бу ҚҚС билан ҳаммаси сув билан боғлиқ: [ходим] музлатгичдан сув олади, унга пуфлайди, кейин қўшнидан ҳам маълумотнома сўрайди: “Сув совуқ эканини тасдиқловчи ҳужжат беринг”», — деди у метафорик ибора билан.

Қудбиев масъул ходимга тадбиркорнинг ҳолатини ўрганишни топширди, шунингдек, текширувлар ўтказиш имкониятини истисно қилиш ва ҚҚСни автоматик тарзда қайтариб олиш учун бизнесга ўз барқарорлик рейтингини ААА даражасига кўтариш таклифини берди.

Тадбиркорларнинг ҚҚС қайтаримидаги муаммолар юзасидан Солиқ қўмитаси раҳбарининг буйруғи: «Етти ойдан бери нега қайтариш амалга оширилмаяпти, шуни аниқланг… Ёки навбатдаги аҳмоқ пора сўраяпти, ёки тадбиркорнинг ўзида хато ва камчиликлар бор. Иккисидан бири».

2025 йил май ойида Давлат хавфсизлик хизмати 82 млрд сўм миқдоридаги ҚҚСни ноқонуний қайтариш схемалари аниқлангани ҳақида хабар берган эди. Баъзи солиқ органлари мансабдор шахслари моддий манфаат олиш эвазига 18 та компаниянинг рейтинг тизимидаги кўрсаткичларини сунъий равишда оширган ва таваккалчилик даражаси ҳақидаги маълумотларни ўчириб ташлаган. Бу компанияларга катта миқдорда ҚҚСни ноқонуний қайтариб олиш имконини берган.

Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги Ўзбекистонда 2024 йил 1 февралдан жорий этилган. Уни ҳисоблаш учун 23 та мезон, жумладан 9 та жарима ва 4 та рағбатлантирувчи мезон қўлланилади. Бу компаниянинг ишлаган вақти, рентабеллик даражаси, кўчмас мулк ёки ернинг мавжудлиги, ходимларнинг иш ҳақининг бозордаги ўртача иш ҳақига нисбати ва бошқалар.

Юқори рейтингга эга тадбиркорларга рағбатлантиришлар берилади. «ААА» рейтингига эга бизнесда солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноий ишлар доирасидаги текширувлардан ташқари). ҚҚС суммалари текширувларсиз бир кун ичида қопланади (ҳозирда 7 кундан 30 кунгача).