Қозоғистонда Ўзбекистонга бензин контрабандаси бўйича жиноий иш юзасидан ҳукм чиқарилди

Ўзбекистон-Қозоғистон чегараси орқали нефть маҳсулотларини контрабанда қилиш билан шуғулланган 5 нафар Қозоғистон фуқаросига нисбатан ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда Туркистон вилоят судининг Telegram-каналида хабар берилди.

5 нафар судланувчига ҳам трансмиллий уюшган гуруҳни тузиш ва унда иштирок этиш, шунингдек, катта миқдордаги нефть маҳсулотларини давлат чегараси орқали ноқонуний олиб ўтиш айбловлари қўйилди. Айбланувчилар ўз айбларини тан олмади.

Суд қарорига кўра, 2024 йил июль ойида Қозоғистон фуқароси К. ёнилғи нархидаги фарқдан фойда олиш мақсадида Ўзбекистон фуқароси Р. билан тил бириктириб, жиноий гуруҳ тузган. У гуруҳ таркибига ўз ҳамюртлари Е., И., А. ва М. ҳамда Ўзбекистондан бўлган шахсларни жалб қилган.

Судланувчилар Сариоғоч тумани Сарқирама қишлоғи ҳудудида Қозоғистон ҳудудини Ўзбекистон билан боғловчи 375 метр узунликдаги ер ости қувурини ётқизишган. 2024 йил августдан декабргача у орқали умумий қиймати ўртача бозор нархида 112,5 миллион тенгедан (тахминан 210 минг доллар) ортиқ бўлган 420,34 тонна Аи-92 русумли бензин ноқонуний равишда олиб ўтилган.

Суд енгиллаштирувчи ҳолатларни (айбланувчиларнинг вояга етмаган фарзандлари борлиги) инобатга олиб, гуруҳ раҳбарини 15 йилга, қолган судланувчиларни эса 13 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрь ойида Ўзбекистон-Қозоғистон чегараси орқали ўтган, нефть маҳсулотлари контрабандаси учун мўлжалланган 450 метрлик тоннель аниқланган эди.

Туркистон вилояти прокуратураси маълумотига кўра, бу тоннель орқали ҳар куни 5-7 тонна ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ноқонуний йўл билан олиб ўтилган. Ўтказилган махсус операциялар давомида жиноий гуруҳнинг барча аъзолари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам аниқланди. 2025 йил июль ойида беш нафар шахс – барчаси Қозоғистон фуқаролари гумонланувчи сифатида жалб қилингани, тергов якунлангани ва жиноий иш судга юборилгани маълум бўлди.

2025 йилнинг январь ойида ҳуқуқ-тартибот органлари Қозоғистон фуқароси воситачилигида Қозоғистондан бензинни ноқонуний етказиб беришни йўлга қўйган Тошкент вилояти Қибрай туманининг 2 нафар фуқаросини қўлга олган эди.

Бензин нархлари

2024 йилнинг январь ойида GlobalPetrolPrices портали маълумотларига кўра, Ўзбекистон Аи-95 бензини нархи бўйича арзонлиги бўйича 51-ўринни эгаллаган. Шу билан бирга, мамлакатда ушбу маркадаги ёнилғи Туркманистон ва Қозоғистонга қараганда мос равишда 2,6 ва 2,1 баравар қиммат эди. Унинг мамлакатдаги нархи АҚШ ва Афғонистондагидан ҳам юқори эди.

2025 йил 18 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Аи-95 бензинининг ўртача нархи бир литр учун 1,034 долларни (12770 сўм) ташкил этади, бу дунёдаги ўртача нархдан паст — $1,28 (15800 сўм).

Қозоғистон бир литр учун 0,454 доллар (5600 сўм) нарх билан 10-ўринни эгаллаган. Ёнилғи импортига қарам бўлган Қирғизистонда бензиннинг ўртача нархи бир литр учун 0,865 доллар атрофида (10680 сўм) — дунёда 31-ўрин.