
13 августдан бошлаб Қозоғистонда Starlink компанияси сунъий йўлдош интернети хизматларини расман ишга туширди. Бу мамлакат аҳолисига SpaceX’нинг паст орбитали сунъий йўлдош тармоғи орқали юқори тезликдаги ва барқарор интернетга уланиш имконини беради, дея хабар берди Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги. SpaceX раҳбари Илон Маск ҳам Қозоғистонда Starlink мавжудлигини тасдиқлади.
«Бир йил давомида биз Starlink ва давлат хизматлари ва регуляторлари позицияларини яқинлаштириш учун музокаралар олиб бордик. Бугун Starlink Қозоғистонни расмий иштирок харитасига қўшди», — деб ёзди Рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев Х’да.
2025 йил июнь ойида Рақамли ривожланиш вазирлиги Starlink билан хизматлар кўрсатишда Қозоғистон қонунчилигига риоя қилиш тўғрисида келишув имзолаган эди.
Компания веб-сайтидаги нархларга кўра, Starlink абонент терминали 104 минг тенгедан (тахминан 193 доллар) 201 минг тенгегача (тахминан 373 доллар) туради. Уй учун чексиз тарифларнинг нархи ойига 23 минг тенгедан (тахминан 42 доллар) 31 минг тенгегача (тахминан 57 доллар)ни ташкил этади.
Starlink’нинг расмий маълумотларига кўра, Қирғизистон ҳудудида ишга туширилиши 2025 йил охиригача, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда эса 2026 йилда кутилмоқда.