Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 14/02/2026

Қозоғистонда янги Конституция бўйича референдум 15 март куни бўлиб ўтади

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2026 йил 15 март куни янги Конституция бўйича республика референдумини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Фармонга мувофиқ, референдумга қуйидаги савол қўйилади: «Сиз 2026 йил 12 февраль куни оммавий ахборот воситаларида лойиҳаси эълон қилинган Қозоғистон Республикасининг янги Конституциясини қабул қиласизми?»

Қозоғистондаги конституциявий ислоҳотлар жараёни Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2025 йил сентябрь ойида илгари сурган бир палатали парламентга ўтиш ташаббуси билан бошланган эди. Тоқаевнинг сўзларига кўра, дастлаб Конституциянинг 40 га яқин моддасига ўзгартириш киритиш режалаштирилган эди. «Бироқ иш жараёнида тузатишлар сони анча кўп бўлиши аён бўлди. Биласизки, 2022 йилги ислоҳотда Конституциянинг 33 та моддаси янгиланган эди. Ҳозирги ўзгаришлар эса янада кенг кўламли. Биз, аслида, янги Конституцияни қабул қилиш бўйича қадам ташламоқчимиз», — деган эди январь ойи охирида.

Ўзгартиришларни тайёрлаш билан 2026 йил 21 январда тузилган махсус комиссия шуғулланди. Унинг таркибига 100 дан ортиқ киши, жумладан, депутатлар ва вазирлар кирди. 31 январь куни комиссия янги Конституция лойиҳасини эълон қилди.

Янги Конституциянинг марказий ғоялари сифатида таълим ва фан, маданият ва инновациялар белгиланган бўлиб, унинг асосий қоидалари давлатнинг «инсонга йўналтирилганлигини» кучайтиришга қаратилган. Асосий ўзгаришлар қаторида бир палатали парламентни ташкил этиш ва вице-президент институтини жорий этиш бор.

2026 йил 10 февраль куни Тоқаев ҳукумат йиғилишида янги Конституция лойиҳасида белгиланган нормалар Қозоғистон сиёсий тизимини «кучли президент — таъсирчан парламент — ҳисобдор ҳукумат» концепцияси асосида ривожланишини мустаҳкамлашини маълум қилди. Шу тариқа, унинг сўзларига кўра, Қозоғистон суперпрезидентлик бошқарув шаклидан узил-кесил воз кечиб, «обрўли ва таъсирчан парламентга эга» президентлик республикасига ўтади. У, шунингдек, лойиҳа «муҳим прогрессив нормаларни ўз ичига олганини» ва Қозоғистон ривожига кучли туртки беришини таъкидлади.