Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 18/03/2026

Қозоғистоннинг янги Конституциясини референдумда 87 фоиздан ортиқ фуқаро қўллаб-қувватлади

2026 йил 15 март куни Қозоғистонда янги Конституция бўйича референдум бўлиб ўтди. Фуқаролар битта саволга жавоб бердилар — «Сиз 2026 йил 12 февраль куни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Қозоғистон Республикасининг янги Конституцияси лойиҳасини қабул қиласизми?»

Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, референдум иштирокчиларининг 87,15 фоизи янги Конституцияни қабул қилиш учун овоз берган, 898 минг киши қарши чиққан. Конституциянинг янги таҳрири 2026 йил 1 июлдан кучга кириши керак.

Сайловчиларнинг келиши 73 фоиздан ошди. Энг юқори кўрсаткич Қизилўрда вилоятида қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткичлар Олмаота ва Остона шаҳарларида кузатилди.

Конституцияга киритилган ўзгартиришлар мамлакат асосий қонуни матнининг 84 фоизини қамраб олди, деб ёзади Tengrinews.kz. Асосий ўзгаришлар қаторига вице-президент лавозимининг жорий этилиши, бир палатали парламентга ўтиш ва янги маслаҳат органи — Қозоғистон Халқ кенгашининг ташкил этилиши киради.

Ҳужжатда, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, тиллар мақоми, динни тартибга солиш, никоҳ эркак ва аёлнинг иттифоқи эканлиги тўғрисидаги янги қоидалар мустаҳкамланган, шахсий маълумотлар ва шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш бўйича қўшимча нормалар киритилган.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев референдумдан сўнг овоз бериш энг юқори даражада — очиқ ва адолатли ўтганини таъкидлади. «Ҳозироқ айтишимиз мумкинки, Қозоғистон фуқаролари бирдамлик, ҳамжиҳатлик, ватанпарварлик ва Ватан тақдири учун умумий масъулиятнинг ёрқин намунасини кўрсатдилар. Фуқароларимизнинг мутлақ кўпчилиги тараққиёт, адолат, қонун, тартиб, табиатсеварлик ва покликнинг нурафшон йўлини танладилар. Бу жуда яхши йўл. Ушбу халқ Конституцияси бизни янги ютуқ ва зафарлар сари етаклайди, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ», — деди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 16 март куни Қозоғистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни референдум муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. «Қабул қилинган янгиланишлар Қозоғистоннинг барқарор ривожланишини янада таъминлаш ва мамлакатнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлаш учун ишончли ҳуқуқий асос ҳамда қўшимча рағбат бўлиши таъкидланди», — дейилади хабарда.