
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев давлат раҳбарининг навбатдаги сайлови Конституцияда белгиланган муддатга мувофиқ 2029 йилда ўтказилишини маълум қилди.
«Навбатдаги президентлик сайловлари, кутилганидек, амалдаги Конституцияда белгиланган муддатларда — 2029 йилда бўлиб ўтади», — деди Тоқаев 2026 йил 15 март куни конституциявий референдумда овоз берганидан сўнг. Шу тариқа у журналистнинг айрим экспертлар конституциявий ислоҳотни ҳокимият транзитига ёки келгуси президентлик сайловларига тайёргарлик деб ҳисоблаши ҳақидаги саволига жавоб қайтарди.
Тоқаев, шунингдек, экспертларнинг вице-президент лавозимини жорий этиш борасидаги фикрларига ҳам изоҳ берди.
«Вице-президент лавозими атрофида турли гап-сўзлар юрганидан хабарим бор. Ҳақиқатан ҳам, қатор хорижий давлатларда бундай лавозим мавжуд. Айрим экспертлар Қозоғистонда гўёки ҳокимиятдаги рақобат кучаяётгани, хавотир уйғотувчи турли тенденциялар авж олаётганини тахмин қилишмоқда. Бироқ бунинг жамиятга салбий таъсир кўрсатишидан хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ. Вице-президент лавозимининг жорий этилиши давлат ҳокимияти институтларини мустаҳкамлайди ва бунга келажакда ишонч ҳосил қилиш мумкин бўлади. Мен президент сифатида ушбу лавозимга, умуман олганда барча ислоҳотларга катта умид боғлайман», — деди.
Конституциявий ислоҳотга тайёргарлик ва унинг муҳокамаси нега бунчалик тез ўтгани ҳақидаги саволга Тоқаев янги Конституция ғояси ҳали 2022 йилда туғилганини айтди.
«Конституция устида ишлаш узоқ вақт давом этди. Биласизми, 2022 йилда Конституцияга ўзгартиришлар киритилган эди. Ўшандаёқ янги Конституцияни қабул қилиш мумкин эди, лекин биз бундан тийилган эдик. Шундан сўнг янги Конституция қабул қилиш ғояси пайдо бўлди. Мен тахминан икки йил олдин иш бошлашга киришган эдим», — деди Қозоғистон президенти.
Унинг сўзларига кўра, у мамлакатга «янги Конституция керак» деб ҳисоблаган. «Ишончим комилки, бу прогрессив Қозоғистон Конституцияси. Биз воқеалардан олдинда юришимиз, тараққиёт билан ҳамнафас бўлишимиз керак, ортда қолмаслигимиз лозим», — деди Тоқаев.
Аввалроқ Тоқаев 2029 йилда давлат раҳбари лавозимини тарк этишини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай қарор ҳам жамият кутганларига, ҳам унинг шахсий танловига мос келади.
«2029 йилда истеъфога чиқишимни аллақачон эълон қилганман. Чунки бу халқимнинг талаби ва шахсий қарорим», — деган эди у 2025 йил июнь ойида.
Янги Конституция ҳақида нималар маълум
2026 йил 15 март куни Қозоғистонда янги Конституция бўйича референдум бўлиб ўтди. Фуқаролар битта саволга жавоб беришди: «Сиз 2026 йил 12 февраль куни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Қозоғистон Республикасининг янги Конституцияси лойиҳасини қабул қиласизми?» Шу тариқа, овоз бериш алоҳида тузатишлар учун эмас, балки ҳужжат учун яхлит ҳолда ўтказилди.
Бу мамлакат Асосий қонунининг 4 йил ичидаги иккинчи марта ўзгартирилиши. Бундан олдинги конституциявий ислоҳот 2022 йилда ўтказилган эди.
Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси сайловчиларнинг келиши 73 фоиздан ошганини маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ўзгартиришларни 87 фоиздан ортиқ фуқаро қўллаб-қувватлаган.
Қабул қилинган тузатишлар асосий қонун матнининг 84 фоизига дахл қилади. Асосий ўзгаришлар сирасига вице-президент лавозимининг жорий этилиши, бир палатали парламентга ўтиш ва янги маслаҳат органи — Қозоғистон Халқ кенгашининг ташкил этилиши киради.
Конституциянинг янги таҳрири 2026 йил 1 июлдан кучга кириши керак. У қабул қилинган кун — 15 март — Конституция куни деб эълон қилинди.
Конституцияни ўзгартириш Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2025 йил сентябрь ойида билдирган бир палатали парламентга ўтиш ташаббуси билан бошланган эди. Орадан бир неча ой ўтгач, расмийлар тузатишлар Конституция матнининг катта қисмига дахл қилишини эълон қилишди ва 2026 йил январида конституциявий комиссия тузилди. Комиссия референдум учун ҳужжат лойиҳасини ташкил топганидан 10 кун ўтиб тақдим этди.