Ўзбекистон президенти Қозоғистон раҳбарини «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан тақдирлади

Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевни Ўзбекистоннинг хорижий фуқаролар учун олий давлат мукофоти – «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди. Маросим шанба куни Қозоғистон президентининг давлат ташрифи доирасида «Кўксарой» қароргоҳида бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев юксак мукофотни топширар экан, Қосим-Жомарт Тўқаевнинг икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги улкан шахсий хизматларини қайд этди.

Унинг таъкидлашича, қўшма саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари мисли кўрилмаган динамикага эга бўлди ва намунали даражага етди.

Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тўқаевнинг глобал даражада тинчлик ва барқарор ривожланиш ғояларини илгари суриш, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида ўзаро ишонч, англашув ва шериклик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этди.

Қозоғистон президенти ушбу юксак мукофот учун Ўзбекистон президенти ва халқига миннатдорлик билдирди ҳамда дўстлик ва иттифоқчилик руҳидаги икки томонлама муносабатлар янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ худди шундай орден билан Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов тақдирланган эди.

«Олий Даражали Дўстлик» ордени 2020 йилда таъсис этилган бўлиб, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Ўзбекистоннинг олий давлат мукофоти ҳисобланади. У билан давлат ва ҳукумат раҳбарлари (шу жумладан, Ўзбекистон президенти), бошқа мамлакатлар парламентлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, турли соҳалардаги кўзга кўринган арбоблар, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам тақдирланиши мумкин.