
Қозоғистонда 2025 йил 16 сентябрдан бошлаб қонунчиликка мажбурий никоҳга киришга ундаганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи тузатишлар кучга кирди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) матбуот хизмати хабар берди.
«Жиноят кодексига янги 125-1-модда — «Мажбурий никоҳга киришга ундаш» киритилди. Эндиликда бу ҳаракат жиноий ҳуқуқбузарлик деб эътироф этилади. Мажбурий никоҳ учун жарима, ахлоқ тузатиш ёки жамоат ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо белгиланди», — дейилади хабарда.
Жазо жиноятнинг ҳолатларига боғлиқ бўлиб, 2000 ойлик ҳисоблаш кўрсаткичигача (тақрибан 7,8 млн тенге, ёки 14,5 минг доллар) жаримадан тортиб, икки йилгача озодликдан маҳрум қилишгача белгиланган. Агар ҳаракатлар эҳтиётсизлик орқасида оғир оқибатларга олиб келса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилади. Қозоғистон ИИВнинг тушунтиришича, «мажбурлаш зўравонлик билан кечса, вояга етмаганларга нисбатан содир этилса, қарамликдан фойдаланилса, шахслар гуруҳи томонидан ёки хизмат мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда содир этилса, янада қаттиқроқ жазо берилади».
Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 125-моддаси («Одам ўғирлаш»)дан ўғирланган шахсни ихтиёрий равишда озод қилган шахснинг жиноий жавобгарликдан озод қилинишини назарда тутувчи изоҳ чиқариб ташланди. «Энди бундай имконият бекор қилинди: ўғирланган шахс ихтиёрий равишда озод қилинган тақдирда ҳам айбдор шахс қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилади», — дейилади хабарда.
«Бу ўзгаришлар зўрлик билан тузилган никоҳларнинг олдини олишга ва фуқароларнинг заиф қатламларини, авваламбор, аёллар ва ўсмирларни ҳимоя қилишга қаратилган», — дея баёнот берилди вазирликда.
Қозоғистон Мажлиси (парламентнинг қуйи палатаси) мажбурий никоҳга ундаганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этишни 2025 йил май ойи охирида маъқуллаган эди.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 2024 йил март ойида келин ўғирлаш амалиётини «қўпол жаҳолат» деб атаган ва бу «тараққийпарвар жамият идеалларига зид» эканини айтган эди. «Менимча, бундай фактлар нафақат маънавий қоралашни, балки ҳуқуқий баҳони ҳам талаб қилади», — деган эди ўшанда Тоқаев.