
Нукусда Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Қорақалпоғистон вилоят қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган Каллибек Камалов вафот этди. У 100 ёшга тўлишига бир ойдан сал кўпроқ вақт қолганда ҳаётдан кўз юмди.
Собиқ давлат арбобининг вафоти ҳақида «Газета» манбалари хабар берди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ҳам ёзилмоқда.
Каллибек Камалов 1926 йил 18 мартда туғилган. 1947 йилда Қорақалпоғистон ўқитувчилар институтини тамомлаган. Олий ўқув юртини тугатгунга қадар ўқитувчи бўлиб ишлаган, кейинчалик комсомол ишларига юборилган.
У турли йилларда Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси, республика коммунал хўжалиги вазири, автомобиль транспорти ва шоссе йўллари вазири лавозимларида фаолият юритган.
1958—1959 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон вилоят қўмитаси котиби, 1959—1963 йилларда Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши раиси, 1963—1984 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон вилоят қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган.
1984—1986 йилларда СССРнинг Констанцадаги (Руминия) бош консули бўлган.
1987 йилда «пахта иши» бўйича ҳибсга олинган. 1989 йил охирида 15 йилга озодликдан маҳрум этилган ҳамда Социалистик меҳнат қаҳрамони унвони ва кўплаб мукофотларидан маҳрум қилинган. Кейинчалик, ушбу иш бўйича судланган бошқа шахслар қатори афв этилган.
Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Фахрийлар жамоатчилик кенгашини бошқариб келаётган эди.
Каллибек Камаловнинг укаси — Темур Камалов 1997—2002 йилларда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси (парламент) раиси (республикадаги олий лавозим) бўлган. Худди шу лавозимни 2020 йил октябридан 2022 йил ёзига қадар Каллибек Камаловнинг ўғли — Мурат Камалов эгаллаб келган.
Қўшимча
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва бошқа расмий шахслар Каллибек Камаловнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдиришди.
«Атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Каллибек Камаловнинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий сақланиб қолади», — дейилади ҳамдардликномада.