
Қирғиз, қозоқ ва қорақалпоқ ўтовларини ясаш бўйича анъанавий билим ва кўникмалар ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева хабар берди. Эълон ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитасининг Деҳлида (Ҳиндистон) бўлиб ўтган 20-сессиясида бўлиб ўтди.
Репрезентатив рўйхатга киритиш учун жами турли мамлакатлардан 54 та ариза топширилган эди.
«Бу халқаро миқёсдаги эътироф анъаналаримизнинг чуқурлигини, маънавий мероснинг қудратини ва авлодлар ўртасидаги узлуксиз алоқани тасдиқлайди», — дея изоҳ берди Саида Мирзиёева. У, шунингдек, меросни сақлаш ва тарғиб қилишга ҳисса қўшган усталар, тадқиқотчилар, анъаналар сақловчилари ва энтузиастларга миннатдорчилик билдирди.
«Бутун маданиятимизнинг ғалабаси. Биз бизни ноёб қиладиган нарсаларни асраб-авайлаб, олға интилишда давом этамиз», — дея таъкидлади Президент Администрацияси раҳбари.
Туркий халқларнинг кўчманчи уй-жойларини яратишни назарда тутувчи номинация 2014 йилда Қозоғистон ва Қирғизистон томонидан Репрезентатив рўйхатга киритилган эди. Ўзбекистон қорақалпоқ ўтовини рўйхатга қўшишни ташаббус қилиб, иштирокчи давлатларни кенгайтириш тарафдори бўлди. Шу тариқа, номинация учта давлат томонидан илгари сурилди.
Лойиҳа аризасида ўтов қирғизлар, қозоқлар ва қорақалпоқлар учун нафақат уй-жой, балки миллий ўзлик рамзи эканлиги қайд этилган. Уни яратиш анъаналари устоздан шогирдга авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.
Ўтов ясаш бўйича билим ва кўникмалар Ўзбекистон Номоддий маданий меросининг Миллий рўйхатига киритилган.
Айни шу ЮНЕСКО сессиясида Ўзбекистондан шошилинч муҳофазага муҳтож бўлган Номоддий маданий мерос рўйхатига қобиз мусиқа асбобини ясаш ва уни ижро этиш санъати ҳам киритилган эди.

