
Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган, унда Йўл-патруль хизмати ходими Malibu D 707 NB рақамли автомобили ҳайдовчисини номаълум шахс билан унинг телефони орқали гаплашгандан кейин қўйиб юборган видеога изоҳ берди.
Видео тарқалгач, ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддаси (кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойналари бўлган, шунингдек, кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш) бўйича маъмурий баённома тузилди. Модда 25 БҲМ (10,3 млн сўм) миқдорида жарима солишни назарда тутади.
Ҳайдовчининг автомобили вақтинча жарима майдончасига олиб кетилди, у билан профилактик суҳбат ўтказилди, дея хабар берди ЙҲХХ.
«Газета» инспектор телефонда ким билан гаплашгани ва унга нисбатан чора кўрилган-кўрилмагани билан қизиқди. ЙҲХХ матбуот хизмати идора телефондаги суҳбатлар учун жавобгарликка тортмаслигини айтди.