Қўқонда эктремистик ғояларни тарғиб қилган эркак 6 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳри фуқароси 2021-йилдан бери интернетда экстремистик ғояларни тарғиб қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Аниқланишича, фуқаро Telegram’да экстремистик хусусиятга эга канал очиб, унда диний фанатизм ғояларини ўз ичига олган материалларни жойлаштирган. Қайд этилишича, каналнинг 9 нафар обуначиси бўлган.

Бундан ташқари, эркак Instagram ижтимоий тармоғида Сурияда фаолият юритувчи «Катиба тавҳид вал-жиҳод» халқаро террористик ташкилотининг йўриқчиси ва медиа-пропагандисти билан доимий алоқада бўлган. У аудиохабарлар ва ёзишмалар орқали Сурияга «жиҳод» учун бориш учун нима қилиш кераклиги билан қизиққан ва террористик ташкилот сафига қўшилишга тайёрлигини билдирган.

Шунингдек, у яқин танишлари ва синфдошларидан жамоат тузиб, уларни Сурияга «ҳижрат» қилишга (кўчиб ўтишга) ва террорчи гуруҳлар сафига киришга чақирган.

Тезкор тадбирлар давомида ноқонуний фаолиятга чек қўйилиб, эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди уни Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди (интернетдан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тайёрлаш ва тарқатиш) ва 244-2-моддаси 1-қисмида (диний экстремистик ташкилотлар тузиш) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топган ва олти йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.