Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 08/04/2026

Фарғона вилоятида банк ходими мижозни ўлдирганликда гумон қилинмоқда

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида банк ходимларидан бири мижозни ўлдириб кетганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси маълум қилди.

Идора маълумотларига кўра, Ўзбекистон тумани «Афғон» маҳалласида яшовчи фуқаро 2026 йил 31 март куни 102 рақами орқали ички ишлар органларига мурожаат қилиб, жияни 30 март куни автокредит шартномасини тузиш учун Қўқондаги тижорат банкига кетгани ва қайтиб келмаганини маълум қилган. Қариндоши уни топишда ёрдам сўраган.

Терговга қадар текширув давомида банклардан бирининг кредит бўлими мутахассиси А. Т. қўлга олинди ва у айбига иқрор бўлиб кўрсатма берди. У бедарак йўқолган шахс акция доирасида автокредит расмийлаштириш учун банк филиалига келганини тасдиқлади.

Банкирнинг таъкидлашича, улар ўртасида низо келиб чиққан. Гаплашиб олиш учун банкдан чиқиб, ходимга тегишли Tracker автомобилида бирга кетишган. Ўзбекистон тумани «Тараққиёт» маҳалласи ҳудудида улар ўртасида яна жанжал чиққан. А. Т. машина ичида мижознинг бўйин соҳасига ошхона пичоғи билан бир неча бор зарба берганини, натижада у вафот этганини маълум қилган.

Kun.uz нашрининг хабарига кўра, аслида жанжал бўлмаган. Кредит учун келган эркакнинг ёнида 5700 доллар пул бўлган.

Банкир жасадни салонда қолдириб, машинада ишга қайтган ва соат 19:00 гача ўша ерда бўлган. Шундан сўнг у Ўзбекистон туманидаги Катта Фарғона каналига бориб, жасадни сувга ташлаб юборган.

Гумонланувчи жиноятни яшириш учун Қўқонга борганини, у ерда нам салфеткалар билан машинани тозалаганини, қон теккан пичоқ ва автомобиль гиламчаларини эса йўл бўйидаги бутазорларга улоқтирганини тан олган.

Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари жасадни қидириш ишларини олиб боришди. 4 апрель куни у топилди.

31 март куни Қўқон шаҳар прокуратураси А. Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатди.

2025 йилнинг декабрь ойида Тошкент вилоятида маст ҳолатдаги ИИБ ходими машинада пиёдани уриб юборган эди. Жабрланувчига ёрдам кўрсатиш ўрнига, у рафиқасига қўнғироқ қилган, пиёдани бошқа машинага ўтказиб, воқеа жойидан 35–40 км узоқликдаги Дўстлик каналига олиб бориб, сувга ташлаб юборишган. Марҳумнинг жасади 80 кундан кейин топилган эди.