Ҳуқуқ-тартибот органларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик учун минимал жарима 5 баробарга оширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 31 июль куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram-канали хабар бермоқда.

Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик учун жарима (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194 ва 194-1-моддалари) базавий ҳисоблаш миқдорининг 1-12 бараваридан (412 минг сўмдан 4,944 млн сўмгача) 5-12 БҲМгача (2,06 млн сўмдан 4,944 млн сўмгача) оширилмоқда, яъни жариманинг минимал миқдори 5 баробарга ошади.

Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин 1 йил ичида ҳуқуқбузарлик такрорланса, жарима 12 БҲМдан 30 БҲМгача (ҳозир — 4,944 млн сўмдан 12,36 млн сўмгача) ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш (илгари 12-15 БҲМ эди) қўлланилади, яъни жариманинг максимал миқдори 2 баробарга ошади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг қонуний талаблари деганда қуйидагилар тушунилади:

  • ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш;
  • текшириш учун ҳужжатларни тақдим этиш;
  • белгиланган муддатда ички ишлар органига келиш ёки етиб келиш;
  • транспорт воситасини тўхтатиш;
  • жабрланганларга ёрдам кўрсатиш.

ИИБ ходимининг қонуний талабларига бошқача тарзда бўйсунмаслик, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича мажбуриятларни бажараётган бошқа шахсларнинг қонуний талабларини бажармаслик ҳам ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Аввалроқ Сенатда қонун муҳокамаси чоғида Ўзбекистонда сўнгги пайтларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаётган ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик ҳолатлари кўпайгани қайд этилган эди.

Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони:

  • 2021 йилда — 56 474 та ҳолат;
  • 2022 йилда — 88 401 та;
  • 2023 йилда — 88 988 та;
  • 2024 йилда — 85 278 та (камайиш кузатилган).

Боғлиқ бўлмаган нормалар

Сенаторлар томонидан маъқулланган қонун «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» деб номланган эди.

ИИБ ва Миллий гвардия ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик учун жарима миқдорини оширишдан ташқари, унга йод танқислиги билан боғлиқ касалликлар профилактикаси, сотувчиларга товарларни ўз вақтида етказиб бермаганлик учун жарима (пеня) ва кўмир ўғирлиги учун жавобгарлик киритилган.

2025 йил 4 февраль куни Қонунчилик палатаси аҳоли ўртасида йод танқислиги касалликларининг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунни қабул қилди.

Ўша кунги йиғилишда парламент қуйи палатаси спикери Нуриддин Исмоилов кун тартибида 3 та қонунни бирлаштириш ва қарорни қайта номлаш учун овоз бериш борлигини хабар қилди.

«Учта қонун. Яъни, ҳозир кўриб чиқилган иккита қонун ва олдинроқ кўриб чиққан масаламиз бир-бирига яқин ва ҳажми кичиклигини ҳисобга олиб, уларни бирлаштириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси сизларга тарқатилмоқда», — деган.

Эҳтимол, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига бўйсунмаслик учун жарималарни ошириш тўғрисидаги қонун ўша куни жамоатчиликка трансляция қилинмаган йиғилишда депутатлар томонидан қабул қилинган.

Бу ҳолат 2023-2024 йилларда жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш муносабати билан» киритилган тузатишлар билан ўхшаш. Қонун ЙҲҚ бузганлик учун жарима баллари тизимини, маст ҳолда ҳайдаганлик учун жиноий жавобгарликни ва бошқа ўзгартишларни назарда тутади. Аммо йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ қоидалардан ташқари, қонунга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фото ва видеоларини уларни обрўсизлантириш мақсадида тарқатиш учун жазо киритиш нормаси ҳам киритилган эди.

Режалаштирилган тузатишлар ҳақида биринчи марта Қонунчилик палатасининг трансляцияси туфайли маълум бўлди, у ерда баъзи депутатлар бу нормага қарши чиққан эди.

Натижада қонун фақат 2025 йилда қайта ишлангандан сўнг маъқулланиб, имзоланди.

Бу сафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига бўйсунмаслик учун жарима миқдорини ошириш нормаси эътиборсиз қолди. Қонун жамоатчилик муҳокамаси учун ҳам эълон қилинмаган.

Охирги марта ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаганлик учун жарималар 2021 йилда оширилган эди. Бунга қадар ушбу ҳуқуқбузарлик учун 0,5 БҲМдан 2 БҲМгача, такрорий ҳуқуқбузарлик учун эса 2 БҲМдан 3 БҲМгача жарима ёки 15 суткагача қамоқ жазоси назарда тутилган эди. Ўшанда парламент қуйи палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси ИИВ томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини танқид қилиб, жарима миқдорлари фуқароларнинг даромадларидан анча ошиб кетганини тушунтириб, асоссиз равишда оширилишига қарши чиққан эди. ЎзЛиДеП фракциясида эса ўшанда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат хизматчиларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашини қайд этишган эди.

Юқоридаги ҳуқуқбузарликлар статистикасидан кўриниб турибдики, жарима миқдорининг оширилиши ҳуқуқбузарликлар сонини камайтирмаган.

ИИВ ушбу моддалар бўйича ҳуқуқбузарликлар ўсишининг сабаблари ва ходимларнинг ҳаддан ташқари талаблари ҳамда фуқаролар ҳаракатларининг нотўғри малакаланиши мавжуд бўлиши мумкинлиги ҳақида таҳлил тақдим этмади.