
Ўзбекистонда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш бўйича «кам самарали» усуллардан (давра суҳбатлари, учрашувлар ва семинарлар) воз кечилиб, «фаол (проактив)» усуллар жорий этилади. Бу ҳақда президентнинг 2025 йил 8 сентябрдаги фармонида айтилган.
Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, функцияларни автоматлаштириш ва иш жараёнларини оптималлаштириш, давлат органлари ва ташкилотларининг вақт ва молиявий ресурсларини тежаш, шунингдек, уларни юқори натижадорликка йўналтиришга устуворлик берилади.
Ҳуқуқий ахборотни аҳолига ҳақиқий талаб ва эҳтиёжни ўрганган ҳолда «аниқ манзилли ва мақсадли» тарзда етказиш режалаштирилган.
«Фаол қонунчилик»
Фармонда 2026 йил 1 февралдан бошлаб ҳуқуқий ахборотни аҳолига «ақлли тарғибот» шаклида, Миллий қонунчилик маълумотлар базаси Lex.uz орқали «фаол қонунчилик» тамойили асосида етказиш назарда тутилган.
Lex.uz фойдаланувчиларнинг розилиги билан янги ва зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳаволаларни йўллаш мақсадида Солиқ органлари электрон давлат хизматлари портали ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) билан интеграция қилинади. ЯИДХП мисолида бу, одамлар фойдаланган ёки келажакда фойдаланиши мумкин бўлган хизматларнинг автоматик таҳлили асосида амалга оширилиши режалаштирилган.
«Ҳуқуқий тарғибот лойиҳадан бошланади» тамойилини жорий этиш белгиланган. Унга кўра, аҳоли ва тадбиркорлар учун энг муҳим масалаларни тартибга солишни назарда тутувчи лойиҳаларнинг мазмуни ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, муҳокама қилиш учун ҳужжат лойиҳаларига ҳаволалар жисмоний ва юридик шахсларга йўналтирилади.
Адлия вазирлигига оммабоп видеохостинг платформаларида Adliya TV саҳифасини очиш топширилди. У ерда янги муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, айниқса қонунларни «тушунарли ва қулай тилда» тушунтириш учун подкастлар ўтказилади. Аҳолининг кундалик ҳаётида энг кўп учрайдиган ва долзарб ҳуқуқий масалалар бўйича «ёши, касби ва ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, тушунарли, қизиқарли ва қулай шаклда» видеороликлар, инфографикалар, савол-жавоблар ва бошқа материалларни эълон қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари иштирокида уларни қизиқтирган кундалик ҳуқуқий масалаларга жавоб топишга қаратилган тўғридан-тўғри интерактив эфирлар мунтазам ташкил этилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб Lex.uz Миллий қонунчилик маълумотлар базасига маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини тўғридан-тўғри жойлаштириш учун E-qaror ва E-kengash тизимлари билан интеграция қилиниши керак.