
Ўзбекистон президенти 2026 йил 20 январь куни 2026–2030 йилларда қон хизматини яхшилаш бўйича таклифлар билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Қон хизматини молиялаштириш учун жорий йилда 308 млрд сўм, 2026–2030 йилларда соҳани ривожлантириш учун эса жами 1,75 трлн сўм йўналтириш кўзда тутилган.
«Эҳтиёж — қайта ишлаш — етказиб бериш» цикли
Қон билан ишлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида «эҳтиёж — қайта ишлаш — етказиб бериш» цикли бўйича жараёнларни бошқариш тизимини жорий этиш ва «Қон препаратларининг электрон ҳисоби» ахборот тизимини ишга тушириш режалаштирилган.
Ушбу тизим қон ва унинг компонентлари ҳаракатини назорат қилишни таъминлайди ҳамда буюртмаларни расмийлаштиришни шошилинч тиббий ёрдам билан интеграция қилишга ёрдам беради. Шунингдек, тиббиёт ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда моддий-техник базани мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.
Қон захираларини кўпайтириш
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Ўзбекистон донорлик қони топшириш кўрсаткичини ҳар 1000 кишига 10 тадан 30 тагача оширишни ҳамда донациялар умумий сонини 1 миллионга етказиш орқали қон захираларини 150 минг литрдан 450 минг литргача кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Шунингдек, беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳисобига ихтиёрий қон донорлари сонини 300 мингдан 900 минггача кўпайтириш кўзда тутилган.
«Бу жарроҳлик амалиётларини ўтказишда беморларни зарур қон гуруҳлари билан ўз вақтида таъминлаш имкониятини яратади», — деб тушунтирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси директори Элдор Одилов «O‘zbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан биргаликда хавфсизлик протоколлари ва стандарт операцион жараёнларни тартибга солувчи ҳужжатлар ишлаб чиқилган.
Соҳага 14 та махсус жиҳозланган автомобиль етказиб берилади ва мобил гуруҳлар ташкил этилади. Улар қон йиғиш ҳажмини 50 фоизгача оширишга ёрдам бериши кутилмоқда. Давлат раҳбарига, шунингдек, қон ва унинг компонентлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган скринингнинг замонавий усулларини жорий этиш режалари ҳақида маълумот берилди.
Аввалроқ хабар берилганидек, Япония ҳукумати Ўзбекистонга 14 та қон маркази ва 3 та қон қуйиш станцияси учун қиймати 2,3 млн доллардан ортиқ бўлган янги ускуналар тақдим этади.
Қонни қайта ишлаш заводи
«Йилига 20 тоннагача плазма ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган қонни қайта ишлаш заводини қуриш режалаштирилган», — деди Элдор Одилов.
Йилига 20 тонна плазмадан қуйидагиларни тайёрлаш кўзда тутилмоқда:
- 10 тонна альбумин — жигар ва буйрак касалликларини даволашда, онкологик ва оғир беморларни қўллаб-қувватлашда қўлланилади;
- 12 минг доза иммуноглобулин — аутоиммун ва яллиғланиш касалликларини даволаш, инфекцияларнинг шошилинч профилактикаси, трансплантология ва онкологияда қувватловчи терапия учун ишлатилади;
- тромбоконцентрат — қон кетишини тўхтатиш ва тўқималарни тиклаш учун қўлланилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2023 йил июнь ойида Самарқанд вилоятидаги «Ургут» эркин иқтисодий зонасида 250 млн долларлик қон плазмасидан препаратлар ишлаб чиқарувчи фармацевтика заводини ташкил этиш режалари ҳақида хабар берган эди. Музокаралар Хитойнинг Xindeyuan Bioengineering компанияси билан олиб борилган.
Хусусий тартибда донорлик қонини йиғиш ва унинг асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қўйилган тақиқ президентнинг 2022 йил 21 январдаги фармони билан бекор қилинган.