Ўзбекистон бюрократияни йўқ қилиш дастурини ишга туширмоқда ва «Қоғозсиз ҳукумат»ни жорий этади

Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб «Бюрократияни тугатиш-2030» дастурини амалга ошириш бошланади. Бу ҳақда 2025 йил 28 ноябрь куни бюрократияни енгишга бағишланган халқаро форумда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди. Тадбирда БАА Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад ал-Гергавий иштирок этди – дастур мазкур мамлакат тажрибаси асосида амалга оширилади.

Ҳужжат «давлат – аҳоли», «давлат – бизнес» муносабатларида ва давлат аппарати ичида бюрократияни бартараф этиш, шунингдек, давлат хизматларининг имкон қадар қулай экотизимини яратишни назарда тутади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Асосий мақсад — 2030 йилга бориб Ўзбекистонни ортиқча бюрократиядан холи ва инсон манфаатларига йўналтирилган замонавий давлат бошқаруви мамлакатига айлантиришдан иборат, дейилади хабарда.

Президент томонидан имзоланган фармойишга мувофиқ, дастурнинг асосий вазифалари қуйидагилар:

  • давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш ҳисобига фуқаролар ҳаёт сифатини ошириш;
  • тадбиркорликни рағбатлантириш, мамлакатнинг хорижий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш;
  • Ўзбекистоннинг рақамли бошқарув ва давлат бошқаруви соҳаларида ижобий имижини шакллантириш;
  • ортиқча тартиб-таомилларни тугатиш ва жараёнларнинг очиқлигини ошириш орқали суиистеъмол қилиш хавфини камайтириш.

Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида дастурнинг лойиҳа офиси ташкил этилмоқда, у бюрократияни қисқартириш бўйича хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга масъул бўлади.

Бюрократияни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш, шунингдек, уларнинг самарадорлигини баҳолаш учун «Zero Bureaucracy» рақамли платформасини яратиш режалаштирилган.

Мамлакат қоғоз ҳужжатлар айланмасидан бутунлай воз кечишни назарда тутувчи «Қоғозсиз ҳукумат» тизимига ўтади. Мавжуд 40 миллион ҳужжатдан 25 миллиони рақамлаштирилади, шундан 5 миллиони кейинги 2026 йилда.

Қабул қилинган дастурга мувофиқ, 2030 йилга бориб давлат хизматлари сонини 1500 тага етказиш режалаштирилган. Бугунги кунда уларнинг сони 1040 тани ташкил этмоқда, 2017 йилда эса 444 та эди. Электрон хизматлар улуши 95 фоизгача оширилиши керак.

Фақат 2026 йилда 250 та хизматни рақамлаштириш мўлжалланган. Хусусан, транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, ҚҚСни қайтариш ва бошқа оммабоп хизматлар электрон форматга ўтказилади.

Проактив ва композит хизматлар сони 400 тага етказилади. Фақат кейинги йилда 180 та янги композит хизмат пайдо бўлади.

«Натижада биз хизмат фуқаронинг мурожаатисиз тақдим этиладиган тизимга ўтамиз», – дея таъкидлади президент.

Бугунги кунда 90 дан ортиқ турдаги хизматлар проактив ва композит форматда кўрсатилмоқда. Бола туғилиши билан боғлиқ композит хизматларни тақдим этиш ҳар йили қарийб 1 миллион фуқаронинг ишини енгиллаштиради. Ижтимоий нафақалар ва ёшга доир пенсиялар фуқароларнинг мурожаатисиз, автоматик тарзда тайинланади.

Лицензиялаш ва рухсатномалар, муҳандислик тармоқларига уланиш ва қурилиш соҳасидаги 300 дан ортиқ тартиб-таомиллар соддалаштирилади. Тўрт турдаги коммунал тармоқларга уланиш ягона ариза асосида амалга оширилади.

Хизматларни кўрсатиш муддатлари сезиларли даражада қисқартирилади. 100 дан ортиқ турдаги хизматлар учун улар 50 фоизга камайтирилади. 110 дан ортиқ турдаги ҳужжатларни тақдим этиш талаби бутунлай бекор қилинади.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП), «Лицензия» тизими, «Ягона дарча» божхона платформаси ва колл-марказлар сунъий интеллект асосида ишлайди.

Ҳар йили вазирлик ва идоралар фаолияти махсус рақамли платформа орқали баҳоланади. Юқори натижаларга эришган муассасалар ва ходимлар рағбатлантирилади.

Аҳоли ва бизнес учун дастур доирасида таклифлар ва янги ташаббусларни тўғридан-тўғри киритиш имкониятлари яратилади. Шунингдек, уларга давлат органлари фаолиятини бу йўналишда баҳолаш имконияти берилади. Бунинг учун 3 миллион доллар миқдорида мукофот фонди ташкил этилади.

Ушбу фонд ҳисобидан бюрократияни қисқартириш бўйича самарали ечимларни таклиф этган фуқароларга, бизнес вакилларига ва давлат хизматчиларига пул мукофотлари топширилади. Қўшимча номинациялар жорий этилади, дейилади хабарда.

«Бюрократияни бартараф этиш – давлатнинг одамларга хизмат қилишга қаратилган асосий вазифаларидан бири. Биз фуқаро давлат органига борадиган эмас, балки давлатнинг ўзи ҳар бир фуқаро ёнига келиб, унинг муаммоларини ҳал қиладиган тизимни яратишимиз керак. Бу Янги Ўзбекистон давлат бошқарувининг замонавий ва инсонпарвар қиёфаси бўлиши лозим», — дея таъкидлади президент.

Нуқдан сўнг давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, бюрократияни тугатиш дастурига старт берди.