Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 29/09/2025

Фуқаролар MyGov иловасида маълумотларни кўрсатса, давлат органларига қоғоз маълумотнома талаб қилиш тақиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги фармонига кўра, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги (ЯИДХП) жисмоний шахсларнинг асосий шахсий маълумотлар тўплами уларнинг қоғоз шаклига тенглаштирилади.

Ушбу санадан бошлаб, агар ушбу маълумотлар ЯИДХПнинг MyGov мобил иловаси орқали тақдим этилса, давлат органлари ва ташкилотларига уларнинг қоғоз шаклини талаб қилиш тақиқланади.

Бундай маълумотларга қуйидагилар киради: паспорт, ЖШШИР (ПИНФЛ), ҳайдовчилик гувоҳномаси, яшаш жойи, фуқаролик, транспорт воситалари, кўчмас мулк, ўқиш жойлари, иш жойи, маълумот, судланганлик ёки судланмаганлик тўғрисидаги маълумотлар, ўзини ўзи банд қилиш, мамлакатдан чиқишга тақиқ мавжудлиги ва бошқалар (тўлиқ рўйхати ўзбек тилида).

Қўшимча енгилликлар

2026 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларига аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан 30 турдаги маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш ҳам тақиқланади.

Улар орасида: яшаш жойи тўғрисидаги маълумотномалар, автомобилга тақиқ мавжудлиги, 083 ва 063-шаклдаги тиббий маълумотномалар, хорижий тилни билиш даражаси тўғрисидаги миллий сертификат ва бошқалар бор. Давлат хизматларини кўрсатиш, ишга қабул қилиш ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш жараёнида ушбу маълумотлар «Рақамли ҳукумат» тизими орқали олинади.

Идоралараро ахборот алмашинувини жорий этиш ҳисобига жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб никоҳни қайд этишда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини тақдим этишни талаб қилиш, суд ажрими асосида ажралишда эса суд қарорини тақдим этиш мажбурияти ҳам бекор қилинади.

Худди шу санадан бошлаб чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларнинг мудофаа органларига яшаш жойи, ўқиш жойи, иш жойи ва лавозимидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш мажбурияти ҳам бекор қилинади.

Автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасида транспорт эгасининг манзили энди кўрсатилмайди.

Бошқа ўзгаришлар

Фармон билан 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб Давлат хизматлари марказларига аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ЯИДХП орқали жорий этилган барча давлат хизматлари бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилди.

2028 йилгача ЯИДХП ва Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 900 тагача етказиш режалаштирилган. Бунда проактив давлат хизматлари сони 53 тага, композит хизматлар сони эса 74 тага етказилади.

2025 йил ноябрдан бошлаб Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилганда пенсионерларга, ҳомиладор аёлларга ва 3 ёшгача фарзанди бор фуқароларга давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш имконияти берилади.

Ягона идентификация тизимида (OneID) фуқароларни муқобил шаклда рўйхатдан ўтказишда шахсни биометрик идентификациялаш (Face ID) тартиби жорий этилади.

Бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳисобига йилига аҳоли маблағларидан 47 млрд сўм иқтисод қилиш ва маъмурий харажатларни 80 млрд сўмга қисқартириш кутилмоқда.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва аҳоли гавжум жойларини босқичма-босқич 1100 та интерактив киоск билан таъминлаш ҳисобига 49 млрд сўм миқдорида маъмурий харажатларни иқтисод қилиш мўлжалланган. Дастлабки 600 та киоск Адлия вазирлигининг Идоралар ва муассасаларни ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан олти ой давомида ўрнатилиши керак. Қолган 500 таси эса Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 5 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 2% ставкадаги 2 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредити ҳисобидан қопланади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 июлдан бошлаб MyGov иловасидаги паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномасини ўз ичига олган бир қатор ҳужжатларнинг рақамли нусхалари қоғоз нусхаларига тенглаштирилган эди. Ўзбекистон фуқаролари аллақачон электрон ҳужжатлар орқали ички авиарейсларга рўйхатдан ўтишлари мумкин. Шу билан бирга, баъзи банклар ва бошқа ташкилотлар ҳали ҳам ҳужжатларнинг рақамли нусхаларини тан олмаяпти. Шунингдек, ҳайдовчилар Йўл-патруль хизмати ходимларига рақамли ҳужжатларни тақдим эта олмайдилар.