
Ўзбекистон президенти 2025 йил 18 августдаги қарори билан жиноятчилик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича манзилли чора-тадбирлар концепциясини тасдиқлади.
Ҳужжат «қизил» тоифага киритилган, яъни сўнгги 5 йил ичида криминоген вазият юқори бўлган маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган профилактика ишларининг устувор йўналишлари ва механизмларини белгилайди.
Асосий мақсад — махсус ташкилий-профилактик тадбирлар ва илмий асосланган ёндашувлар орқали вазиятни барқарорлаштириш ва жиноятчилик даражасини пасайтиришдир. Иш қуйидаги тамойилларга асосланади:
- манзилли профилактика;
- қонунийлик;
- ҳар бир оила ва фуқарога индивидуал ёндашув;
- илмий ва амалий усуллар интеграцияси.
Концепциянинг бажарилиши учун қуйидагилар шахсан масъул:
- бош прокурор ва ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосарлари;
- ҳудудий прокуратура ва ички ишлар бошқармалари раҳбарлари;
- ИИВ Академияси, Тошкент давлат юридик университети, Жамоат хавфсизлиги университети раҳбарлари;
- барча даражадаги ҳокимлар, шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитга тўсқинлик қилувчи омиллар
Хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни ёмонлаштирадиган асосий муаммолар қаторида:
- «маҳалла еттилиги»нинг ижтимоий профилактика объектлари ва муайян тоифадаги шахслар (шу жумладан, ички ишлар органларида ҳисобда турувчи ёки хавф остида бўлганлар) билан профилактика ишларининг самарасизлиги;
- «еттилик» вакилларининг ижтимоий профилактика масалалари бўйича етарли тайёргарликка, тажриба ва касбий кўникмаларга эга эмаслиги, профилактика инспекторларининг иш юкламаси юқорилиги;
- «еттилик» фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва мувофиқлаштиришдаги тизимли муаммолар, паст кадрлар салоҳияти ва кадрлар қўнимсизлиги;
- маҳаллаларда ишсизлик ва қашшоқлик даражасининг юқорилиги, бу соҳада тизимли ишларнинг йўқлиги;
- маҳаллаларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш даражасининг пастлиги;
- маҳаллалар ҳудудидаги муассасалар, савдо ва бозор мажмуалари, жамоат жойлари ва одамлар гавжум жойларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари куч ва воситаларининг етарли эмаслиги;
- атроф-муҳит дизайни (CPTED) ёрдамида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича илғор хорижий тажрибани жорий этмаслик, «намунали хавфсиз кўча» ва «намунали хавфсиз йўлак» лойиҳаларига ягона ёндашувларнинг мавжуд эмаслиги;
- йирик шаҳарларда ички миграция устидан назоратнинг йўқлиги, бозорлар атрофидаги тартибсиз савдо ва автотураргоҳлар муаммоларининг ҳал этилмагани;
- жиноятчиликнинг олдини олиш ва уни эрта огоҳлантириш бўйича илмий-амалий асосда профилактик чора-тадбирларнинг етарли даражада ташкил этилмаганлиги;
- аҳолининг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти ҳамда ахлоқий-этик қадриятларини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари самарадорлигининг пастлиги.
Концепция доирасида маҳаллаларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг янги тизимини жорий этиш, ижтимоий профилактикани кучайтириш ҳамда вояга етмаганлар, ишсизлар, аёллар, илгари судланганлар билан манзилли ишлаш, мол-мулкни техник қўриқлаш қамровини кенгайтириш, рақамли ечимлар ва сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда «Намунали хавфсиз кўча» ва «Намунали хавфсиз уй» лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳуқуқбузарликларга нисбатан тоқатсиз муносабатни шакллантириш, мунтазам тадқиқотлар ва олий ўқув юртларининг услубий тавсиялари билан профилактика чораларини илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Прокурор ва туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғининг кабинетлари маҳаллада ташкил этилади
Ҳужжатда 2025 йил охиригача туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ва прокурорларнинг хизмат кабинетларини бевосита маҳаллаларда ташкил этиш назарда тутилган — уларнинг иш куни ўша ерда бошланади ва якунланади.
Шунингдек, ҳар бир маҳалла учун ҳар ойда индивидуал «йўл хариталари» тасдиқланади. Масъул шахслар (прокурор, ИИВ ва тегишли хизматлар ўринбосарлари) ҳафтасига 3 марта шахсан маҳаллада ишлайди.
Бундан ташқари, патруллик, навбатчилик гуруҳлари, жамоат тартиби пунктлари ташкил этилади, 2-3 нафар профилактика инспектори, шу жумладан, бир нафар катта инспектор лавозими жорий этилади.
Ҳар пайшанба «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» деб эълон қилинди: ҳудудий ички ишлар бошқармалари раҳбарлари маҳаллаларга чиқиб, инспектор вазифасини вақтинча бажаради.
Маҳаллаларда хавфсизликни кучайтириш мақсадида янги қўриқлаш режими жорий этилмоқда — фуқаролар ва ташкилотларнинг мол-мулки ИИВ томонидан янги механизм асосида тасдиқланган тарифлар бўйича қўриқланади.
Бозорлар, савдо марказлари, автовокзаллар, энг гавжум метро станциялари, хиёбонлар, ресторанлар, кафелар, барлар ва бошқа кўнгилочар масканлар, шунингдек, бўш турган уйлар учун қўриқлаш хизматидан фойдаланиш мажбурий бўлади.
Олис ҳудудларда криминоген вазият барқарорлашгунга қадар маҳаллий бюджет ҳисобидан патруллик гуруҳлари ташкил этилади.
Қарорга кўра, 2025 йил охиригача жисмоний шахсларнинг мол-мулкини техник қўриқлаш даражасини 30% га, юридик шахсларникини эса 60% га етказиш режалаштирилган. Жиноятчилик даражаси юқори бўлган ҳудудларга сунъий интеллект тизими билан интеграция қилинган видеокузатув камералари ва жамоат жойлари ҳамда турар-жой биноларида «хавф тугмалари» ўрнатилади.
Оилалар, ўсмирлар ва илгари судланганлар билан шахсий иш олиб борилади
Муайян тоифадаги фуқаролар (вояга етмаганлар, аёллар, ишсизлар ва бошқалар) билан ишлаш тизимли ва манзилли бўлиши керак:
- муаммоли оилалар кузатуви уч кунда бир мартадан кам бўлмаган ҳолда олиб борилади;
- суд жараёнларидаги оилаларга адлия органлари томонидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади;
- «маҳалла еттилиги» профилактика объектларини биометрик идентификациялаш планшетларидан фойдаланади;
- ўсмирлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ИИВ инспекторлари ва педагоглар ўртасидаги мунтазам сессиялар мавзусига айланади.
Шунингдек, «маҳалла еттилиги» ҳузурида фуқаролар ўртасида профилактик ва тушунтириш ишларини олиб борадиган «маҳалла тарғиботчилари» жамоат гуруҳларини тузиш кўзда тутилган.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ривожлантириш жамғармалари ҳисобидан профилактика инспекторлари учун икки баравар минимал иш ҳақи (МИҲ) миқдорида махсус устамалар жорий этилади, агар маҳалла «қизил» зонадан чиқса, йил давомида бир МИҲ миқдорида қўшимча устама берилади.
Ички ишлар органларида малакали кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида ИИВ Академияси масофавий таълимни жорий этади ва бакалавриат дастурига қабул квоталарини босқичма-босқич оширади.