Г. Каримованинг қайтарилган активларини бошқараётган Фонд Ўзбекистоннинг қишлоқ мактабларини янгилашга $20 млн сармоя киритади

Гулнора Каримованинг Ўзбекистонга қайтарилган активларини бошқарувчи «Ишонч» фонди мамлакатда таълим олиш имкониятини яхшилаш лойиҳасига 20 миллион доллар йўналтиришини эълон қилди. Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати хабар берди.

Бу қарор 2025 йил 17 сентябрь куни Намангандаги Камбағалликни қисқартириш форумида эълон қилинди. «Мактабларда иқлимга чидамлилик ва сув таъминоти, санитария ва гигиена (WASH) моделлари» лойиҳаси 1 октябрдан расман бошланади.

Лойиҳа доирасида бутун мамлакат бўйлаб камида 45 та қишлоқ мактаби янгиланади. Таълим муассасалари тоза ичимлик суви, замонавий санитария шароитлари, иситиш ва яшил энергия тизимлари билан таъминланади. Кейингиси энергия истеъмолини 30% гаиссиқхона газлари чиқиндиларини эса 50% га қисқартириш имконини бериши кутилмоқда.

Лойиҳа натижалари бевосита 31,5 минг нафар ўқувчига, шу жумладан дарсларни қолдиришни камайтирувчи гендер-сезгир алоҳида санитария шароитларига эга бўладиган ўсмир қизларга таъсир қилади, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 2700 нафар ўқитувчи ва маъмур иқлимга чидамлилик, гендерга йўналтирилган WASH ва жамоалар билан ҳамкорлик масалалари бўйича ўқувдан ўтади. Бу, лойиҳа тугагандан сўнг натижаларнинг барқарорлигини таъминлаши кутилмоқда.

Жамоатчилик назорати учун «Менинг энг яхши мактабим» рақамли портали яратилади, унда бюджетлар, пудратчилар фаолияти, муддатлар ва ишларнинг боришини реал вақт режимида кузатиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, фуқаролик жамияти иштирокида «Ҳалоллик пакти» синов режимида жорий этилади, бу адолатли ва коррупцияга қарши харидлар ва таъмирлаш жараёнларини, шунингдек, ота-оналар, ўқитувчилар ва жамоалар олдидаги ҳисобдорликни таъминлаши керак.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов ташаббус «миллий устуворликларни тўлдириши, таълим тизимини мустаҳкамлашини» қайд этди.

«Иқлимга чидамли мактабларга сармоя киритиш ва янги бошқарув воситаларини жорий этиш орқали биз келажак авлодлар учун ҳам инфратузилмани, ҳам ҳисобдорликни яратмоқдамиз», — дея таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, «Ишонч» фонди Ўзбекистон ва Швейцария ҳукуматлари ўртасида Гулнора Каримованинг Швейцариядаги жиноят ишлари доирасида мусодара қилинган активларини қайтариш бўйича реституция келишуви натижасида ташкил этилган.

Аввал хабар қилинганидек, ҳозирга қадар иккита жиноят иши якунланди. Биринчи иш 131 млн долларга тегишли бўлиб, фонд ташкил этилган 2022 йил сентябрда кўриб чиқилган ва якунланган. Яқинда 182 млн долларга боғлиқ бўлган иккинчи иш ҳам якунланди.

Шундай қилиб, Ўзбекистонга қайтариш учун жами 313 млн доллар ажратилди, бундан 95 млн доллари аллақачон Швейцариядан Нью-Йоркдаги БМТнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилган, у ердан Ўзбекистонга муайян ижтимоий лойиҳаларга ажратилмоқда.

2025 йил апрель ойида фонднинг 43 млн долларлик биринчи лойиҳаси бошланган — бутун Ўзбекистон бўйлаб 231 та перинатал марказ учун янги ускуналар, жумладан, сунъий нафас бериш ва ўпкани шамоллатиш аппаратлари, кардиомониторлар, вакуум-экстракторлар ва чақалоқ юрак уришини мониторинг қилиш учун кардиотокографлар сотиб олинган.

«Швейцария реституция маблағларининг Ўзбекистон халқига тўғридан-тўғри фойда келтирадиганкоррупциядан ҳимояланган кўринарли сармояларга айлантирилаётганидан фахрланади. Ушбу лойиҳа туфайли 31,5 минг бола соғлом, хавфсиз ва муносиб шароитларда ўқийди — бу реституциянинг ривожланишга хизмат қилишининг ҳақиқий рамзидир», — деди Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Оболенский.

«Фуқаролик жамияти бу ресурсларнинг ҳақиқий натижалар беришида ҳаётий муҳим рол ўйнайди. Мустақил мониторинг ва жамоаларнинг иштироки туфайли биз ҳар бир мактаб таъмири ота-оналар, ўқитувчилар ва болаларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олишини — ва реституция ваъдаси бажарилишини кафолатлаймиз», — дея таъкидлади Фонднинг Фуқаролик жамияти маслаҳат кенгаши раиси Сайёра Хўжаева.

«Тоза сув, замонавий санитария инфратузилмаси ва иқлимга чидамлиликни шаффофлик ва жамоатчилик назорати билан бирлаштириб, биз нафақат мактабларга, балки ишонч, адолат ва ҳар бир боланинг келажагига сармоя киритмоқдамиз», — деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Махл.