Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни 2028 йилгача 5 баравар ошириш режалаштирилмоқда

2026—2028 йилларда Ўзбекистонда маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаси ва агрегатлари ишлаб чиқариш ҳажмини 5 баравар ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини эса 10 фоизга кўтариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 23 февраль куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилиш якунлари бўйича президент матбуот хизмати хабар берди.

2026 йилда техника ишлаб чиқаришни 6000 бирликка етказиш, 2028 йилга бориб эса маҳаллийлаштириш даражасини ўз юрар техникалар учун 30−35 фоизгача, осиб қўйиладиган ва тиркама техникалар учун 60−65 фоизгача ошириш белгиланган.

«Ўзавтосаноат» бошқаруви раисининг инновациялар ва инвестициялар бўйича ўринбосари Даврон Ҳидоятов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида техника ишлаб чиқаришни 3200 тадан 5780 тага етказиш режалаштирилганини таъкидлади. Бироқ йиғилишда қувватларни 70 фоизга юклаш вазифаси қўйилган. Унинг сўзларига кўра, бу режани йилига 7000 бирлик техникагача қайта кўриб чиқишни, барча ресурсларни сафарбар этишни, шунингдек, нархларни пасайтиришни талаб қилади.

«Асосий рақобатчилар — бошқа мамлакатлар техникаси. Масалан, 80 от кучига эга техника уларда 300 млн сўм бўлса, бизда маҳаллийлаштиришни ошириш ҳисобига уни 259 млн сўмгача туширишга муваффақ бўлинди. Бу ҳали чегара эмас, ишлар давом этмоқда. 2027 йил учун 14 минг бирлик техника ишлаб чиқариш мақсади қўйилган. Бунинг учун барча имконият ва ресурслар мавжуд», — деди Даврон Ҳидоятов.

У мисол тариқасида Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти ва Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани тажрибасини келтирди, у ерда фермерлар иккитадан трактор ва тиркама техника олишган. Унинг сўзларига кўра, бу механизация даражасини 90 фоизга етказиш, шоли ҳосилдорлигини 18 фоизга, буғдойни 27 фоизга, пахтани 25 фоизга ошириш имконини берган. Умумий даромад 5,4 млрд сўмни ташкил этган.

Шунингдек, Турин политехника университети ва Германиянинг CLAAS машинасозлик компанияси билан ҳамкорликда йиллик қабули 1000 нафаргача бўлган мутахассислар тайёрлаш академияси ташкил этилиши хабар қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластери Чирчиқда тракторлар ишлаб чиқаришни бошлаган эди. 2026 йил апрелигача қишлоқ хўжалиги техникаси импорти божхона божлари ва утилизация йиғимидан озод қилинган эди.

Субсидиялар

Техника ва агрегатлар сотиб олишни субсидиялашнинг амалдаги тизими фақат маҳаллийлаштириш даражаси 25 фоиздан юқори бўлган машиналарга нисбатан қўлланилади. Тақдимотда импорт қилинадиган энг харидоргир уч турдаги техника бўйича ҳам субсидиялашни жорий этиш таклиф қилинди. Умуман олганда, жорий йилда техника қийматининг 15 фоизини қоплаш учун 660 млрд сўм йўналтириш кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида 2025 йили замонавий техникалар хариди учун 250 млн доллардан ортиқ маблағ йўналтирилганини, жорий йилда эса молиялаштириш ҳажмини 400 млн долларгача ошириш режалаштирилганини маълум қилди.

«Бундан ташқари, 1 трлн сўм субсидияларга ва яна 200 млрд сўм қишлоқ хўжалиги техникасини маҳаллийлаштиришга йўналтирилади. Бу соҳа учун катта имкониятлар очади. Фермерларга мавжуд техникаларни янгилаш, янгиларини сотиб олиш ва ўз хўжалигини ривожлантириш учун реал имконият берилмоқда», — деди Алишер Шукуров.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилда яна 800 та пахта териш машинасини етказиб бериш режалаштирилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган барча турдаги техникалар, жумладан, сабзавотчилик, боғдорчилик ва бошқа механизациялашган тизимлар учун ускуналарни молиялаштириш кўзда тутилган.

«Агробанк» қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш учун 3,9 трлн сўмгача миқдорда кредитлар ажратади.

Бундан ташқари, ҳар бир ҳудудда қишлоқ хўжалиги агенти иштирокида биттадан агрохизмат кўрсатиш зонасини ташкил этиш топширилди. Фермерлар у ерда банк ва консалтинг хизматларини олишлари, тупроқ мониторинги ва таҳлили, кўчат етказиб бериш хизматларидан фойдаланишлари, агрономлар маслаҳатини олишлари, шунингдек, ўқув курслари ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлади.