
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 4 сентябрь куни қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда қайд этилишича, сўнгги йилларда пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, озиқ-овқат экинларини етиштиришга қайта йўналтирилган. 160 минг гектар янги боғ ва токзорлар яратилган. Умумий қиймати 1 млрд долларлик 1500 та озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилган.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида «яширин иқтисодиёт» улуши ҳали ҳам катта бўлиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ҳаммаси расмий ҳисоботларда акс эттирилмаган, дейилади тақдимотда. Бунда озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12%ни ташкил этади.
Бу муаммо август ойида президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кўтарилган эди. Давлат раҳбари масъул идораларга фермер ва деҳқонлар учун янада қулай шароит яратиш ва солиқ юкини камайтириш бўйича топшириқ берди.
Шу муносабат билан Халқаро валюта жамғармаси, шунингдек, хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида аграр соҳани «соядан» олиб чиқиш бўйича таклифлар тайёрланди.
Ушбу таклифларга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб фермер ва деҳқонлар ўз маҳсулотларини сотганда қўшилган қиймат солиғи ноль ставкада қўлланилади. Бу имтиёз пахта ва ғалладан ташқари, сотилган мева, сабзавот, гўшт, сут, тухум ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан амал қилади.
Шу билан бирга, уруғ, ўғит, ёнилғи, транспорт, электр энергияси ва бошқа ишлаб чиқариш харажатлари учун тўланган ҚҚСни қайтариш амалиёти сақланиб қолади.
Натижада, кутилишича, фермер ва деҳқонлар йилига қўшимча равишда қарийб 300 млрд сўм ишлаб қолади. Янги имтиёз орқали улар яна 400 млрд сўмни қайтариб олишлари мумкин бўлади.
Ушбу чора-тадбирлар соҳада шаффофликни рағбатлантиради, йирик саноат плантациялари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари сонини кўпайтириш учун асос яратади, деб режалаштирилган.
Масъул шахсларга фермер ва деҳқонларга янги тартибни тушунтириш, уни самарали қўллаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни фаолроқ рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июль ойида тадбиркор Бекзод Маматқулов фермерларни қўллаб-қувватлаш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун ҚҚС ставкасини 12% дан 1% гача пасайтиришни таклиф қилган эди.
«Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги корхоналарига энг катта юк ҚҚС. Дунёда — Европада, Голландияда, Германияда, Белгияда — ҳар ерда қишлоқ хўжалиги давлат томонидан субсидияланади. Бизда эса ҚҚС ставкаси 12%ни ташкил этади. Келинг, бу ҳақда ўйлаймиз. Ишончим комилки, бу 2 трлн сўм йил охиригача 200 трлнга айланади. Келинг, бу масалани ҳал қиламиз», — деган.
У қиммат ўғит ва ёнилғи туфайли маҳсулот етиштириш таннархи юқорилигини таъкидлаб, минимал экспорт нархларини қайта кўриб чиқишга чақирди.