Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 15/12/2025

Қирғизистон Конституциявий суди ўлим жазосини қайтаришга йўл қўйилмаслигини тан олди

Қирғизистон Конституциявий суди мамлакатда ўлим жазосини тиклаш мумкин эмаслиги ва ҳуқуқий жиҳатдан иложсиз эканлиги ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда суднинг 2025 йил 10 декабрдаги, болаларни зўрлаганлик, зўрлаш билан боғлиқ қотиллик учун ўлим жазосини қўллашни назарда тутувчи Конституцияга тузатиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига оид хулосасида айтилган.

«Конституциявий тузатиш орқали ўлим жазосини тиклаш Конституцияга мувофиқ эмас, йўл қўйилмайди ва ҳуқуқий маънода иложсиздир. Шунга кўра, қонун лойиҳаси… референдумга олиб чиқилиши мумкин эмас ва уни қабул қилиш бўйича ташаббусни амалга оширишга доир барча тартиб-қоидалар тугатилиши керак», — дейилади суд хулосасида.

Таҳлил жараёнида Конституциявий суд таклиф этилаётган ўзгаришларнинг асосий қонунга мувофиқлиги ва уларнинг конституциявий тузум асосларига таъсиридан келиб чиқди, «унинг марказида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда давлатнинг демократик хусусияти туради».

«Ўлим жазосини тақиқлаш ва яшаш ҳуқуқининг устувор аҳамиятини тан олиш нафақат меъёрий, балки энг қадрли ўлчовга ҳам эга. Улар давлат ва халқнинг ушбу жазо чорасини қўллашни истисно қилувчи ҳуқуқий режим фойдасига танловини акс эттиради. Яшаш ҳуқуқи ва ўлим жазосини тақиқлаш жиноий сиёсат стандартларини, адолат мазмунини, ҳуқуқ-тартибот органлари ва жазони ижро этиш тизими фаолиятини белгиловчи тизимни ташкил этувчи тамойиллар бўлиб хизмат қилади. Ўлим жазосини тиклаш… бу стандартлардан воз кечиш, ҳуқуқий тараққиёт узвийлигини бузиш ва шахс қадр-қимматининг устуворлигига ва унинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтиришга йўналтирилган танланган конституциявий йўналишдан чекиниш демак», — дейилади хулосада.

Конституциявий суд, шунингдек, Қирғизистон Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг иккинчи факультатив протоколини ратификация қилганини эслатди, бу протокол давлатларни ўлим жазосини тўлиқ бекор қилишга ва уни қайта жорий этмасликка мажбур қилади, шунингдек, денонсация механизмини назарда тутмайди.

«Бундай шароитда ўлим жазосини ички ҳуқуққа киритиш Қирғизистон Республикасини ўз шартнома мажбуриятларини бузаётган давлат ҳолатига тушириб қўйиши муқаррар, бу эса халқаро ҳуқуқни конституциявий тан олиш билан мос келмайди», — дейилади суд хулосасида.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2025 йил октябрь ойида болалар ва аёлларга қарши ўта оғир жиноятлар учун ўлим жазосини қайтариш ташаббуси билан чиққан эди. Бу 17 ёшли мактаб ўқувчисининг зўрланиши ва ўлдирилиши бўйича резонансли ишдан сўнг содир бўлди. Бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари суд тизимининг номукаммаллигини қайд этиб, ўзгаришларга қарши чиқдилар.

Қирғизистонда ўлим жазосига мораторий 1998 йилда жорий этилган. 2007 йилда олий жазо чораси расман бекор қилиниб, унинг ўрнига умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган. Ўлим жазосини тиклаш учун уни қўллашни тақиқловчи Конституцияга тузатишлар киритиш зарур.

Аввалроқ БМТ ҳам Қирғизистонни ўлим жазосини қайтаришдан воз кечишга чақирган эди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк бундай қадам халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилишидан дарак бериши ҳақида огоҳлантирди. У ўлим жазоси оғир жиноятларнинг олдини олишига ҳеч қандай далил йўқлигини таъкидлади.