
БМТ Қирғизистонни ўлим жазосини қайтаришдан воз кечишга чақирди
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк Қирғизистон расмийларини ўлим жазосини қайтармасликка чақирди ва бу халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши бўлишидан огоҳлантирди.
«Мен Қирғизистон ҳокимиятини ўлим жазосини қайтариш таклифларидан воз кечишга ва ўрнига қонуннинг самарали ҳимоясини таъминлаш, адолат ва компенсацияга тўғридан-тўғри кириш имкониятини яратишга саъй-ҳаракатларини қаратишга қатъий чақираман. Бунга жавоб сифатида зўравонлик, жумладан, жинсий зўравонликка қарши курашда жабрланувчи манфаатларига йўналтирилган ва етарли ресурслар билан таъминланган ёндашув бўлиши керак», — деди Тюрк.
Унинг қўшимча қилишича, ҳеч бир ҳуқуқ-тартибот тизими мукаммал эмас ва агар ўлим жазоси қайта жорий этилса, бу вақт ўтиши билан давлат қўли билан бегуноҳ одамларнинг ўлимига олиб келади.
Халқаро мажбуриятлар ва сиёсий қадамлар
Қирғизистон ўлим жазосини қўллашни 1998 йилда тўхтатган, сўнгра 2010 йилда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг (ФҲТП) иккинчи факультатив протоколини ратификация қилганидан кейин уни қонуний равишда бекор қилган. Ушбу шартнома иштирокчи давлатларни ўлим жазосини бекор қилиш учун барча чораларни кўришга мажбурлайди.
Бироқ, сентябрь ойи охирида 17 ёшли мактаб ўқувчисини зўрлаш ва ўлдириш бўйича шов-шувли ишдан сўнг Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Конституцияга ўзгартишлар киритишни таклиф қилди. Бу ўзгартиришлар болани зўрлаганлик, шунингдек, бола ёки катталарни зўрлаш ва ўлдириш учун ўлим жазосини қўллашга рухсат бериш ва Протоколдан чиқиб кетишни назарда тутади. Бу таклифлар яқин ҳафталарда референдумга қўйилиши ва агар маъқулланса, парламентга юборилиши кутилмоқда.
ФҲТП ижросини назорат қилувчи БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси шартнома ва иккинчи факультатив протокол уларни бекор қилиш (денонсация) бўйича қоидаларни ўз ичига олмаганлиги сабабли, ўлим жазосини бекор қилиш бу шартномаларни қабул қилган давлатлар учун юридик жиҳатдан қайтариб олинмайдиган қадам эканини таъкидлади. Қўмитанинг қайд этишича, бу давлатларга уни қайта жорий этиш тақиқланади.
Шунингдек, протоколни сўзсиз ратификация қилган давлатга энг оғир жиноятлар учун ҳам ўлим жазосини қўллашга рухсат берилмайди.
«Ҳокимиятлар ўлим жазосини қайтариш учун асос сифатида тилга олаётган жиноятлар, албатта, даҳшатли ва улар бўйича адолат қарор топиши керак. Бироқ, ўлим жазоси оғир жиноятларнинг олдини олишда сезиларли роль ўйнайди деган далиллар йўқ», — деди Тюрк.
Қирғизистон президенти администрацияси Қирғизистоннинг ФҲТПга иккинчи факультатив протоколига қўшилиш тўғрисидаги қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Бир вақтнинг ўзида, мамлакатда ўлим жазосини жорий этишни кўзда тутувчи Конституцияга тузатишлар ҳам муҳокамага киритилди.
Қирғизистон расмийларининг ўлим жазосини қайтариш ташаббусига бир қатор халқаро ҳуқуқ фаоллари ташкилотлари, жумладан, Freedom for Eurasia, International Partnership for Human Rights, The Norwegian Helsinki Committee, Araminta, International Federation for Human Rights, People in Need ва Civil Rights Defenders ҳам қарши чиқди. Ҳуқуқ ҳимоячилари бу қадамни Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятларини бузиш ва фожиани популистик мақсадларда ишлатиш уриниши деб аташди.

