
Қирғизистонда бевосита давлат раҳбарига бўйсунувчи Тергов қўмитаси ташкил этилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров маълум қилди.
«Янги Тергов қўмитаси ташкил этилади. Терговнинг асосий функциялари ўша ерга ўтади. Бош прокуратура ва ҳарбий прокуратура эса, ўз навбатида, барча тузилмалар ҳаракатларининг қонунийлиги устидан назоратни амалга оширади», — деди Жапаров «Кабар» давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида.
У алоҳида тергов органининг ташкил этилиши ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан адолатсизликларнинг олдини олишини таъкидлади.
«Бугунги кунда вазият қандай? Ҳам Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ), ҳам Ички ишлар вазирлигида Тқидирув фаолияти (ТҚФ) ва терговчилар бор. Уларнинг барчаси битта вазирга бўйсунади. Масалан, тезкор ходим адолатсиз, айтайлик, кимгадир туҳмат қилиш ва қамаш учун тайёрланган иш материалларини олиб келади. Иш терговчига топширилганда, у: «Бу иш судда ўтмайди», деб уни қабул қилишдан бош тартади. Шунда вазир терговчига қўнғироқ қилиб: «Қабул қил ва жиноят иши қўзғат!» деб буйруқ беради. Терговчининг эса бўйсунишдан бошқа иложи йўқ», — деди Жапаров.
«Тергов қўмитаси эса бевосита президентга бўйсунади. У тезкор ходимлар ёки вазирлар олиб келган «хом» ёки уйдирма ишларни шунчаки қабул қилмайди. Жиноят ишлари қўзғатилмайди. Албатта, адолатсизликка дуч келган фуқаролар панжара ортида қолмайди — улар дарҳол қўйиб юборилади. Фақат шу йўл билангина биз инсон ҳуқуқлари таъминланишини 100 фоиз бўлмаса ҳам, 95 фоизга кафолатлай оламиз. Бу келажак авлодлар хавфсизлигини таъминлайди», — дея қўшимча қилди.
Қирғизистон раҳбарининг сўзларига кўра, куч тузилмаларидаги ислоҳот кейинги йилдан бошланади. «Биз бинолар ва техник базани тайёрлаймиз. Фармон чиқарилади, тегишли қонун лойиҳалари Жўқорғу Кенешга киритилади ва улар қабул қилингач, ташкилий ишлар бошланади», — деди.
Жапаров, шунингдек, ислоҳот Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига ҳам таъсир қилишини айтди. «МХДҚ фақат ўз соҳасига оид вазифалар: разведка ва контрразведка, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, терроризм, экстремизм, бандитизм ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш билан шуғулланади», — деди у ва мазкур идора иқтисодиётга аралашмаслигини қўшимча қилди.
2026 йил февраль ойида Жапаров МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев ва унинг ўринбосарларини истеъфога чиқарган эди. У ўз қарорини, бир гуруҳ депутатлар «генерал» ниқоби остида муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишга чақира бошлаганидан сўнг, жамиятда парчаланишнинг олдини олиш истаги билан изоҳлаган эди.
«Кабар»га берган интервьюсида Жапаров МХДҚ ходимлари «ҳатто киоскаларда ҳам ўз гувоҳномаларини кўрсатишаётгани» сабабли Ташиевни бир неча бор огоҳлантирганини айтди.
«Мен айтгандим: «Дўстим, МХДҚ нуфузини кўтар. Нуфузи собиқ Иттифоқ КГБсиникидек бўлиши керак»… МХДҚ айнан нима билан шуғулланишини ва унинг ходими ким эканлигини ҳеч ким билмаслиги лозим. Ислоҳотдан сўнг бу аввалги КГБ каби ҳақиқий махсус хизмат бўлади. ИИВ эса фақатгина ўз тўғридан-тўғри вазифалари билан шуғулланади», — деди Қирғизистон президенти.