Қирғизистон ва Тожикистон чегарани делимитация қилиш бўйича якуний протоколни имзолади

Қирғизистон - Тожикистон чегараси делимитация

Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат делегациялари 2025 йил 21 февраль куни қирғиз-тожик чегарасини делимитация қилиш бўйича якуний протоколни имзолади. Бу ҳақида мамлакатлар делегациялари раҳбарлари – Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси, бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймумин Ятимов маълум қилди.

«Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари учун ўзига хос кун, тарихий кун: бугун мамлакатларимиз ўртасидаги чегарани делимитация қилиш бўйича якуний протоколни имзоладик», – деди Ташиев ҳужжатни имзолаш маросимида, Бишкекдаги «Ала-Арча» давлат қароргоҳида.

Ятимов эса ўз навбатида, имзоланган ҳужжатни «энг муҳим тарихий келишув» деб атаб, унинг амалга оширилиши «икки биродар республика ўртасидаги асрлик низога нуқта қўйишини» таъкидлади.

Kloop нашрининг маълум қилишича, энди чегара бўйича ҳужжатлар икки мамлакат парламентларига юборилади, сўнгра президентлар имзолаши учун тақдим этилади.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг умумий узунлиги 972 км ни ташкил қилади. Чегарадаги баҳсли ҳудудлар туфайли у ерда тез-тез қуролли тўқнашувлар юз бериб турган. Энг йирик кескинлик 2022 йил сентябрида содир бўлган бўлиб, ўша вақтда икки томондан ўнлаб одам жабрланган ва ҳалок бўлган.