
Қирғизистон ўз тарихида илк бор миллий валютани мустақил равишда босиб чиқаришни бошлади. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров маълум қилди, деб хабар бермоқда Kaktus.media.
«Илгари биз миллий валютамизни босиб чиқаришни хорижий давлатга буюртма беришга ва бунинг учун пул тўлашга мажбур эдик. Энди ҳаммаси ўзгарди — биз шундай даражага чиқдикки, энди бошқа давлатлар учун ҳам буюртма асосида валюта босиб чиқаришимиз мумкин», — деди Жапаров.
Қирғизистон президенти мамлакат зарур стандартларга мувофиқлигини тасдиқловчи халқаро сертификат олганини таъкидлади. У Қирғизистон бошқа давлатлар учун ҳам валюта ва давлат ҳужжатларини босиб чиқаришга тайёрлигини ва «аллақачон бир нечта давлатлардан буюртмалар қабул қилаётганини» қўшимча қилди.
2021 йил сентябрь ойида Қирғизистон миллий паспортларни ўз кучи билан ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди. Бунинг учун Президент администрацияси ҳузуридаги «Учкун» давлат босмахонасига махсус ускуналар келтирилган. Бунгача Қирғизистон фуқаролари учун паспорт бланкалари Литванинг Garsu Pasaulis компанияси томонидан босиб чиқарилган бўлса, миллий валюта Буюк Британия ва Франциядаги корхоналарда тайёрланган.